Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ШАРТНОМА: "Phanes Group” компанияси Навоий вилоятида қуёш электр станциясини қуради
15:33 / 2021-04-06

Энергетика вазирлиги ва “Phanes Group” халқаро компанияси ўртасида Навоий вилоятининг Нурота тумани ҳудудида қуёш электр станциясини (ҚЭС) қуриш тўғрисида инвестиция шартномаси имзоланди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Шунингдек, маросим давомида “Phanes Group” ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўртасида электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида битим имзоланди.

-Биз бугунги келишувда Ўзбекистон ҳукумати ва “Phanes Group” халқаро компанияси ўртасидаги электр энергиясини сотиб олиш ва инвестиция шартномалари тўғрисидаги битимларни қабул қиламиз. Мамлакатимиз углерод чиқиндиларини камайтириш ва энергия балансимизда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш стратегиясига қатъий амал қилади. Қуёш энергияси бу стратегиянинг муҳим қисми ҳисобланиб, “Phanes Group” компанияси ушбу лойиҳанинг муваффақиятига ўз ҳиссасини қўшади, – деди Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев.

-Ўзбекистон 2019 йилда Economist журнали томонидан йил мамлакати деб топилди ва бу Марказий Осиёнинг жадал ривожланиб бораётган мамлакати ҳисобланади, – деди “Phanes Group” бош директори Мартин Хаупс.

Ушбу битим билан “Phanes Group” Ўзбекистоннинг тоза энергияга интилиши ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ҳамда қазилма ёқилғиларга қарамликни камайтириш бўйича иқлим мақсадларига эришиш ҳақида фикр алмашади.

“Phanes Group” ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида ҚЭС (IA) ва электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим (PPA) 200 МВт қувватга эга бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш, эгалик қилиш ва эксплуатация қилиш учун техник ва тижорий шартларни, шунингдек, 60 км узунликдаги 220/110 кВ подстанциясини ўз ичига олади.

“Равнақ-банк” қуёш энергетикаси соҳасида халқаро ишлаб чиқувчи ҳисобланадиган, “Phanes Group” томонидан Ўзбекистонда ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлайди. Бундай ҳамкорликка “Равнақ-банк” АЖ ва “Phanes Group” ўртасида имзоланган лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда ҳамкорлик меморандуми асос бўлади.

“Бугунги кунда қайта тикланадиган энергия манбалари тармоқлар ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда ва Ўзбекистон электр энергетика соҳасини ривожлантиришдаги замонавий тенденцияларга амал қилишга интилмоқда; Бундан ташқари, мамлакатимиз бундай лойиҳаларни кенг кўламда амалга ошириш учун катта табиий, техник ва иқтисодий салоҳиятга эга”, – деди “Равнақ-банк” АЖ бош директори Искандар Турсунов.

Маълумот ўрнида, “Phanes Group” бош офиси БААнинг Дубай шаҳрида жойлашган бўлиб, у қуёш энергияси, шунингдек, инвестиция ва активларни бошқариш соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан шуғулланувчи халқаро компания ҳисобланади. “Phanes Group” 2012 йилда ташкил этилган. Компания молиявий ва муҳандислик тажрибасини бирлаштирадиган кенг қамровли ёндашувни амалга оширади. Бунинг натижасида, компания қуёш энергияси соҳасида тўлиқ тайёр ечимларни таклиф қилади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА тайёрлади, ЎзА