Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шартнома мажбуриятлари бажарилмади, ҳолатни адлия ўрганди
10:35 / 2022-08-03

Сирдарё вилоятидаги “Янгиобод жилваси” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Мирзаобод туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ўртасида 2021 йил 17 май куни қум-шағал аралашмаси маҳсулоти олди-сотдиси юзасидан шартнома тузилган эди.

Унга кўра, “Янгиобод жилваси” масъулияти чекланган жамияти томонидан Мирзаобод тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига 269 663 500 сўмлик майдаланган қум-тош маҳсулоти етказиб берилган.

Шартномага асосан етказиб берилган маҳсулот учун уч кун ичида 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, харидор томонидан 15 фоиз миқдорида тўлов амалга оширилган, холос.

Ҳолатдан норози бўлган масъулияти чекланган жамияти раҳбари амалий ёрдам сўраб адлия бошқармасига мурожаат қилди.

Мурожаат бошқарманинг иш юритувига олиниб, қонунчилик талаблари асосида ўрганилди.

Ўрганиш давомида мурожаатчининг эътирози асосли эканлиги маълум бўлди. Мазкур қарздорлик тарафлар ўртасида тасдиқланган таққослаш далолатномасида ҳам ўз аксини топди.

Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 5.2-бандида товарлар ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун “Харидор” “Етказиб берувчи”га ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида пеня тўлаши, 6.1-бандида мазкур шартномада кўзда тутилмаган жавобгарлик чоралари “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ҳал этилиши белгиланган.

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 985-моддасига асосан ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар,  шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Юқоридагиларга асосан Адлия бошқармаси томонидан “Янгиобод жилваси” масъулияти чекланган жамияти манфаати учун Гулистон туманлараро судига даъво ариза киритилди.

Натижада Мирзаобод туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳисобидан “Янгиобод жилваси” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 229 224 614 сўм асосий қарз, 19 484 092 сўм миқдорда пеня ундириш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилди.

Ш.Суяров, ЎзА