64-Халқаро “Гуллар фестивали” доирасида Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида яна бир нуфузли спорт мусобақаси старт олди. Шотокан каратэ-до бўйича анъанавий халқаро очиқ турнирда водий вилоятлари, Тошкент шаҳри, шунингдек, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларидан ташриф буюрган 300дан зиёд ёш ўғил-қизлар иштирок этмоқда.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, Ўзбекистон шотокан каратэ-до ассоциацияси раиси, 4-дан қора белбоғ соҳиби Валижон Шамшиев, шотокан каратэ-до бўйича терма жамоа шеф-инструктори, 7-дан қора белбоғ соҳиби, етти карра жаҳон чемпиони Хўжамқул Хўжамқулов бундай мусобақаларнинг аҳамиятига тўхталиб, ўсиб келаётган ёшларни спортга ошно этиш, юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, Ватанимиз шаънини халқаро ареналарда улуғлайдиган чемпионларни етиштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Ёшлар ўртасида шотокан каратэ-до спорт турини кенг оммалаштириш, кўплаб чемпионларни тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ спорт фахрийлари турнир ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилиб, махсус эсдалик нишонлари билан тақдирланди.
Мусобақанинг олти ёшдан 55 ёшгача бўлган қатнашчилари 25 килограммдан +100 килограммгача бўлган 25 та вазн тоифасида татамида якка ва жамоавий кумитэ йўналишларида ғолиблик учун ўзаро куч синашмоқда. Қизғин руҳда кечаётган баҳсларда даставвал энг кичик ёшдаги болажонлар ўртасида ғолиб чиққан иқтидор соҳибларига диплом ва медаллар тақдим қилинди.

Халқаро очиқ турнир терма жамоамиз аъзолари учун шу йилнинг 28 сентябридан 5 октябрига қадар Японияда бўлиб ўтадиган шотокан каратэ-до бўйича жаҳон чемпионатига ўзига хос тайёргарлик вазифасини ҳам ўтамоқда.

– Наманганга бешинчи бор келишимиз, халқаро турнирга ташкилотчилар қардош мамлакатлар вакилларини ҳам таклиф қилишаётганлигини юксак қадрлаймиз. Бу ҳам Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўзаро дўстона сиёсати спорт майдонларида ҳам ўз ифодасини топаётганлигини англатади, – дейди Тожикистон Республикаси жудокан каратэ-до федерацияси президенти Фозилжон Аҳмедов. – Мусобақада Сўғд вилоятининг Хўжанд шаҳридан 14 нафар спортчимиз ўз маҳоратини синовдан ўтказмоқда. Келаси июль ойида Тожикистонда ҳам йирик халқаро турнир ташкил этамиз, унга ўзбекистонлик спортчиларни ҳам таклиф қилдик.
Мусобақа ташкилотчиси – вилоят шотокан каратэ-до ассоциацияси вице-президенти Илҳомжон Қосимовнинг маълум қилишича, келгуси йилда халқаро турнирда иштирок этувчи давлатлар, жамоалар ва спортчилар сонини ошириш режалаштирилган.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири