Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шарқнинг улуғ мусаввири
17:26 / 2020-12-04

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Миллий миниатюра санъатига асос солган, буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги муносабати билан “Шарқнинг улуғ мусаввири", деб номланган тадбир ўтказилди.

Ёш ижодкорларнинг ўз асарларида инсонпарварлик ғоялари, эзгу интилиш ҳиссини, гўзаллик тўғрисидаги тасаввурни ифодалаш ҳамда улуғ аждодларимиз мероси билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган тадбирга санъатшунос олимлар ва бўлажак мусаввирлар, санъат йўналишидаги мактаблар, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талаба ва ўқитувчилари ҳамда санъат мухлислари таклиф этилди.

Тасвирий миниатюра рассоми, Камолиддин Беҳзод номидаги мукофот соҳиби, Бадиий Академия аъзоси Тойир Болтабоев, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Шомаҳмуд Муҳаммаджонов, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева Камоллиддин Беҳзод наинки ўзбек ва Шарқ халқлари маданияти тарихида ўчмас из қолдирган шахс, балки жаҳон тамаддуни хазинасини ўзининг ажойиб қимматбаҳо дурдоналари билан бойитган, бутун дунё цивилизацияси тарихида салмоқли ўрин олган буюк ва забардаст санъаткор эканини таъкидлади.

[gallery-287]

Унинг ижоди Шарқу Ғарбда катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. «Шарқ Рафаэли», деб аталувчи Камолиддин Беҳзод ижодини ҳам бадиий асар сифатида, ҳам илмий жиҳатдан тадқиқ этиш борасидаги кўплаб тадқиқотлар бунинг ёрқин намунасидир.

Тадбирда шунингдек, Беҳзод портрет жанрининг бошловчиси ва моҳир устаси экани, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Абдуллоҳ Ҳотифий, Султон Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон каби тарихий шахсларнинг портретлари Беҳзод мўйқалами туфайлигина бизгача етиб келганлиги эътироф этилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда барча соҳада туб бурилиш ҳамда ўзгаришлар кузатилмоқда. Шулар қатори маданият ва санъат соҳаси янада равнақ топиб бораётгани кишини қувонтиради.

Тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи томонидан буюк мусаввирнинг издошлари асарлари, хаттотлик санъати намуналари, замонавий миниатюра асарларидан иборат халқаро кўрзгазмалар ҳам ташкил этилди. Шу билан бирга, Шарқ миниатюра санъати устаси Шомаҳмуд Муҳаммаджонов ижодига оид шахсий кўргазма ҳам бўлиб ўтди.

 

ЎзА