ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ, ҳарбий таълим тизимини янада ривожлантириш ва ҳудудларда офицер ҳамда сержантлар таркибини замонавий талаблар асосида тайёрлаш мақсадида ҳарбий округлар қошида ўқув факультетлари ташкил этилди.
Шарқий ҳарбий округда ҳам Ҳарбий хавфсизлик ва Мудофаа университетининг ўқув факультети фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу факультетда ҳарбий хизматчилар учун малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ташкил этилган бўлиб, тингловчилар замонавий ҳарбий бошқарув, илғор қурол-аслаҳа билан ишлаш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳамда психологик тайёргарлик бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб боради. Факультетда взвод ва гуруҳ командирлари, сержантлар, артиллерия соҳасининг қуйи бўғинидаги офицерлари, разведка ва махсус операциялар кучлари мутахассислари, муҳандислик қўшинлари ҳамда радиацион, кимёвий ва биологик муҳофаза бўйича мутахассислар, учувчисиз учиш аппаратлари операторлари ва ахборот технологиялари йўналишидаги кичик мутахассислар малака оширади.
[gallery-26218]
Шунингдек, тарбиявий ва маънавий-маърифий ишлар йўналишидаги офицерлар учун ҳам махсус курслар ташкил этилган. Дуал таълим тизими жорий этилган мазкур факультетда назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланиб, ҳарбий хизматчилар илғор тажрибаларни эгаллаш ва уларни хизмат фаолиятида самарали қўллаш имкониятига эга бўлади. Мазкур ташаббус ҳарбий таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, мамлакат мудофаа салоҳияти ва ҳарбий кадрлар тайёргарлигини янада оширишга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА