Журнал шу кунлар табаррук 70 ёшини нишонлаётган истеъдодли шоир Чоршамънинг “Соҳилларга боргим келмоқда” номли шеърий туркуми билан бошланади:
Барорим йўқ, мадорим йўқ,
Аросатда кечар умрим.
Сенинг ёдинг ила ҳар дам
Мунаввардир вале кўнглим.
Бу йўл бунча узун экан,
Баҳри-дилим юпун экан.
Бир мен десам, бир мен десам,
Ошиқ эли забун экан... деб ёзади шоир.
Тожикистонлик таниқли шоир Сайфулло Қулаевнинг дилбар ғазалларидаги ошиқона руҳ, дардлар... муҳаббат пўртаналари ўлароқ қалбингизга оқиб кираётгандек бўлади:
Гул ўстирдим кўзим ичра, назарга илмади ул ёр,
Букун гул ўсган ул бир жуфт кўзимни ўзгалар кўрсин.
Дилинг пора, бошинг ёриқ, оёқ синган, сиқилма Сайф,
Пўлат бардош, темир тоқат – тўзимни ўзгалар кўрсин...
Киношунос олим, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулло Акбаровнинг “Ойдин кечалар” киноқиссасидан берилган парча, ёзувчи Жўра Фозилнинг “Муҳаббатнинг ялдо туни”, Мизроб Бўроновнинг “Одамгарчилик”, Умид Холлиевнинг “Қайғу” номли ҳикоялари, Суҳроб Зиё, Носиржон Тошматов, Мақсуда Эгамбердиева, Зебо Омонова, Гули Нигор, Абдулла Бобоёровнинг ўтлуғ ва исёнкор шеърлари, Абдужалол Раҳимнинг “Менинг Чинозим” номли эссеси, Орзуқул Эргашнинг “Умр қиймати” номли дилномаси – ҳамма-ҳаммасидан кўнглингиз яйрайди.
Журналнинг янги сонини, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА