Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шарқ ва Ғарбни бирлаштирган Тошкент тўқимачилик саммити
12:24 / 2022-10-13

Пойтахтимизда “Жаҳон тўқимачилик бозорида янги мувозанат – янги иштирокчилар ва тенденциялар” мавзусидаги Тошкент тўқимачилик саммити бўлиб ўтди.

Анжуманда Европа Иттифоқи, Америка, Осиё ва Африка, шунингдек, МДҲ давлатларидан 300 дан зиёд таниқли жаҳон брендлари ва ритейлерлари, тўқимачилик компаниялари ва уюшмалари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева иштирок этиб, давлатимизда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самара бераётганини қайд этди. Буни нафақат халқимиз, балки халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этмоқда. Бир неча кун аввал АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан эълон қилинган “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари” тўғрисидаги йиллик ҳисоботда Ўзбекистон энг юқори яъни “муҳим ўзгаришларни амалга оширган давлатлар” қаторига киритилди. Эътиборлиси, республикамиз 131 давлат ичида энг юқори кўрсаткичга эга 9 мамлакати қаторидан ўрин олган, “Ўзбекистон жуда қисқа вақт ичида эришган натижаси ва муваффақияти билан бошқа давлатлар учун модел – намуна бўла олиши таъкидланган.

Анжуманда тўқимачилик соҳасидаги ютуқ ва камчиликлар ҳам сарҳисоб қилинди.

[gallery-9115]

Жорий йил мамлакатимиз учун яна бир муҳим воқеа юз берди - “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан пахта “бойкот”и бекор қилинди. Бу воқеа Ўзбекистон тўқимачилик саноати ривожини янги босқичга кўтарилишига замин яратди.

Маълумки, бир неча йил олдин Ўзбекистон хом ашёни энг кўп экспорт қиладиган давлатлардан бири сифатида пахтадан йилига бор-йўғи 800 миллион доллар экспорт тушумига эга бўлган. Бугунги кунда Ўзбекистон қўшилган қийматли тайёр маҳсулот экспорт қилмоқда. Натижада 2021 йил 3 миллиард доллар ёки пахтани хом ашё сифатида экспорт қилинган даврга нисбатан 3 баробардан кўп экспорт тушумини таъминламоқда.

Бугунги кунда миллий тўқимачилик маҳсулотларимиз дунё бозорига олиб чиқилди, инвестиция ва экспорт салоҳияти кенгайди, хорижий инвесторлар ва савдо компаниялари учун мутлақо янги, қулай инвестиция муҳити яратилди.

Ҳозир пахтани етиштириш ва қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулот тикиш жараёни барча босқичларда жаҳон стандартига жавоб берадиган даражага олиб чиқилмоқда.

“ЎзТекстилЭкспо Куз-2022” тўқимачилик ва мода саноати халқаро кўргазмасининг очилиш маросими саммитнинг мантиқий давомига айланди.

Куз мавсуми кўргазмасида Туркия ва Беларусь Республикаси ишлаб чиқарувчилари миллий павильонлари ўрнатилди, Россия, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг таниқли ишлаб чиқариш компаниялари иштирок этди. Умуман, 150 дан ортиқ корхона маҳсулотини харидорга тақдим этди.

“Тайёр кийим” ФИТ лойиҳаси иштирокчиларининг мода намойиши тадбир меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистонлик ёш дизайнерларнинг ёрқин коллекциялари ҳам намойиш этилди.

Саммит доирасида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZ халқаро консалтинг компанияси “GHERZI” билан биргаликда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг мустақил баҳоси - “Uzbekistan Textile Reference Report” ҳисоботи тақдим этилди.

- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган пахта маҳсулотлари ва иахтадан тайёрланган кийим-кечак юқори сифати билан ажралиб туради, - дейди “GHERZI” халқаро консалтинг компанияси мутахассиси Карим Шафий. - Биз ҳисобот тайёрлашда жуда кўп корхона ва ташкилотларга, тегишли идора, вазирликларга бориб керакли маълумот тўпладик. Шунингдек, Европадаги сотиб олувчилар билан гаплашдик, уларнинг талаб, таклифларини таҳлил қилдик. Бир қатор халқаро ташкилотлардан ҳам маълумот олдик. Ҳамма маълумотлар ўрганилиб, солиштирилиб ҳисобот тайёрланди. Таҳлил давомида енгил саноат, тўқимачилик тармоғини ривожлантиришга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистон Европа ва Осиё ўртасида жойлашган. Яъни, мамлакатингизда бу соҳани ривожлантириш, экспорт географиясини янада кенгайтириш имконияти юқори. Ишонамизки, яқин келажакда тўқимачилик йўналишида мамлакатингиз янада юқори натижаларга эришади.

Мустақил экспертлар томонидан олиб борилган маркетинг тадқиқоти тўқимачилик соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга интилаётган инвесторлар ва брендларга янги имкониятлар эшигини очади.

Анжуман доирасида БМТ ЕИКнинг “2024 йилгача Ўзбекистон тўқимачилик саноатида барқарор рақамли савдодан фойдаланиш бўйича корхоналар салоҳиятини ошириш” янги лойиҳаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Ушбу лойиҳа миллий корхоналарни ишлаб чиқариш ва маҳсулотни рақамлаштириш орқали жаҳон бозорига жалб этишга қаратилган.

Гўзал Сатторова,

ЎзА