Зоминда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида “Шарқ тонги” газетасининг 90 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
“Шарқ тонги”: кеча, бугун, эртага” мавзусида ташкил этилган ушбу тадбирда уюшма раҳбар ва масъуллари, туман ҳокимлиги, фахрий журналистлар, ёш ижодкорлар, марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, уюшманинг Жиззах вилояти бўлими раҳбари, Жиззах вилояти телерадио компанияси раиси Эркин Шермонов ва бошқалар ушбу маънавий-маърифий тадбирда сўзга чиқиб, “Шарқ тонги” газетасининг 90 йиллиги билан йиғилганларни чин дилдан самимий муборакбод этди, бугунги кунда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганига тўхталиб ўтди.
[gallery-13518]
Маънавий-маърифий тадбир давомида Зомин тумани ҳокимлиги муассислигида чоп этилаётган “Шарқ тонги” газетасининг 90 йиллик тарихи, ривожланиш босқичи, таҳририятда меҳнат қилган марҳум журналистлар хотираси, газетанинг бугунги фаолияти ҳақида атрофлича сўз борди.
Собиқ иттифоқ даврида 1926 йил Самарқанд вилояти таркибида Зомин тумани ташкил этилиб, орадан 7 йил ўтгач, 1933 йилнинг сўнги ойларида ушбу “Шарқ тонги” газетаси илк бора “Колхоз ғалабаси” номи билан чоп этила бошлаган.
– Ушбу нашрга 1933 йилда асос солинган бўлиб, ўша йили газетанинг 4 та сони, бир варақ, 2 саҳифа бўлиб, ҳафтасига бир маротаба чоп этилган. Газетанинг биринчи муҳаррири – ўз даврининг илмли кишиларидан бўлган марҳум Қосим Холдоров бошқарган. 1958 йилнинг 1 февралидан бошлаб газета “Шарқ тонги” номи билан чоп этиб келинмоқда, – дейди 20 йилдан зиёдроқ “Шарқ тонги” газетасига муҳаррирлик қилган, бутун ҳаёт фаолиятини матбуотга бағишлаган, фахрий журналист Турдибек Назаров.
– Мен ҳам шу газетада меҳнат қилиб, шу қозонда қайнаб, ижодий товланганимдан фахрланаман, – дейди бир неча йиллар “Шарқ тонги” газетасида оддий мухбирликдан тортиб, бош муҳаррирликкача бўлган даврни босиб ўтган, фахрий журналист Холмурод Ўринбоев. – Энг бардошли, матонатли, сабр-қаноатли касб эгаларидан бири бу журналистлар бўлса керак деб ўйлайман. Шу сабабдан ҳам “Шарқ тонги” газетаси 1933 йилдан буён, халқимиз учун ўта қийин ва мураккаб бўлган, қатағон йилларида, II Жаҳон урушининг қонли даврида, урушдан кейинги тикланиш, собиқ иттифоқнинг иқтисодий таназулга юз тутган охирги йилларида, мустақиллигимизнинг илк иқтисодий қийинчилик пайтлари ва бугунги газета ва журналларнинг, айниқса, туман газеталарининг иқтисодий базаси саёзлашиб қолган даврда ҳам газетанинг тўхтаб қолмай мунтазам равишда чоп этиб келинаётгани фикримнинг яққол исботи бўлади, десам муболаға бўлмаса керак.
– “Шарқ тонги” нафақат вилоятимиздаги, балки республикамиздаги отахон газеталардан бири ҳисобланади. Афсуски, газетанинг 1933 йилда чиққан дастлабки сонларини топишга муваффақ бўлолмадик. 1934 йилда чоп этилган айрим сонларини архивдан, нуроний отахон ва онахонлардан сўраб суриштириб топдик, холос. Газетанинг бизга маълум бўлган дастлабки сонларидан бири 1934 йил 19 август санаси билан чоп этилган. Бу газеталар ҳозирда мўжазгина музейимизда сақланиб келмоқда, – дейди “Шарқ тонги” газетаси бош муҳаррири Хайрулла Сиддиқов.
Республикамиздаги ҳар бир туман ижтимоий-сиёсий ҳаётида газетанинг алоҳида ўрни бор, албатта. Айни вақтда ёш иқтидорли журналист Хайрулла Сиддиқов бошчилигида “Шарқ тонги” газетаси 1 минг 200 нусхада, 4 саҳифада, ҳар ойда 2 маротаба чоп этиб келиняпти. 2022 йилдан бошлаб газета ўзининг расмий веб-сайти, телеграм канали ва ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасини яратганлигини ҳам шу ўринда таъкидлаш жоиз.
Тантанали маросим сўнгида, кўп йиллар “Шарқ тонги” газетасида фаолият кўрсатган, нафақадаги фахрий журналистлар ва таҳририятнинг фаол ходимларига Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшманинг вилояти бўлими ҳамда Зомин тумани ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалари топширилди.
“Шарқ тонги” газетасининг 90 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирнинг тантанали қисми ниҳоясига етгач, шу газетада фаолият юритиб бу ёруғ оламни тарк этган журналистларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг фарзандлари ва яқинлари ҳолидан хабар олинди, уларга совға-саломлар тарқатилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА