Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Ўмоннинг “Ар-рая”, Мисрнинг “Еттинчи кун” каби қатор араб нашрларида Самарқандда бўлиб ўтаётган “Шарқ тароналари” ХIII халқаро мусиқа фестивали ҳақида ёзди.

Муаллиф Иброҳим Ал-Ҳодий 1997 йил биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашгани, бу галги анжуманда барча қитъалардан 80 га яқин давлат, 400 нафардан зиёд санъаткор ва олим иштирок этаётгани урғулаган.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари – вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Сирожиддин Ўсаров иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида миллий мусиқа санъатидаги ютуқларни кенг оммага тарғиб қилиш, халқлар маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мусиқа ва санъат соҳасидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, тинчлик, дўстлик, ўзаро бағри кенглик ғояларини тарғиб қилган ҳолда халқаро ижодий алоқаларни кенгайтириш фестивалнинг асосий мақсадлари экани қўшимча қилинган.
“Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнида ижодий уйғунлашув тамойили” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция доирасида уюштирилган Туркий маданият ташкилоти – ТуркСОЙ қошидаги туркий давлатлар санъат университетлари иттифоқи йиғилишида тузилма бош котиби Султон Раев, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Ўзбекистоннинг тегишли олий таълим муассасалари ректорлари биргаликда қўшма лойиҳалар амалга ошириш, илмий-тадқиқот олиб бориш, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларини муҳокама қилгани таъкидланган.
Анжуманда Хитой, Франция, Россия, Германия, Гамбия, Ўмон ва Иордания давлатлари олий ўқув юртлари, халқаро илмий-тадқиқот марказлари етакчилари билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА