English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Шарқ тароналари» фестивали: дунёни бирдамликка чорлаётган мусиқа байрами
10:22 / 2024-08-26

Самарқанд катта санъат байрами оғушида. Ҳамиша навқирон ва кўҳна бу кентда «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади.

Ушбу фестиваль дунё миқёсида катта нуфузга эга. Буни бугун ер юзининг барча қитъаларидан юртимизга ташриф буюрган истеъдод эгалари, номдор ижодий гуруҳлар ташрифидан англаш мумкин. Энг муҳими уларнинг куй-қўшиқлари ижросидан баҳраманд бўлиш истагида неча кундан буён юртимизда меҳмон бўлиб турган хорижий сайёҳлар жуда кўп.  

Уларнинг баъзиларини суҳбатга чорладик.  

– Ўзим маркетинг йўналишида фаолият юритаман, – дейди покистонлик сайёҳ Ҳароон Таҳир. – Лекин санъатга бефарқ эмасман, мусиқани жуда яхши кўраман. «Шарқ тароналари» фестивали ҳақида кўп маълумотга эгаман, унда томошабин сифатида иштирок этиш имконияти туғилаётганидан бахтиёрман. Бу байрамга Самарқандда катта тайёргарлик кўрилганини эътироф этишим керак. Халқингизнинг мусиқага меҳри, уни асраш ва ривожлантириш йўлидаги кучли истаги ҳар қадамда сезилиб турибди. Куй-наво яхшилик, тинчликнинг элчиси. Бундай тантаналар жаҳонда кўпаяверсин. Шарқ тароналари баралла янграсин. Зеро, мусиқа инсоннинг ҳиссиётларини ўстиришда муҳим аҳамиятга эга. У одамни хурсандчилик ва тинчликка интилишини рағбатлантиради.  

Санъат соҳаси вакиллари, мутахассисилар дунёдаги бугунги мураккаб замонда мусиқа ва санъатга эътибор ҳар қачонгидан муҳим эканлигини таъкидлашади. Зеро, тили, дини ва миллати турлича бўлган одамларни таржимонсиз ҳам дўст қила оладиган куч – мусиқа.  

– Бу фестиваль ЮНЕСКО томонидан бежиз санъат оламининг катта халқаро форуми дея эътироф этилмаган, – дейди суданлик сайёҳ Осман Бакҳит. – Бугун Самарқанд дунёни шарқона оҳанглар билан яхшиликка чорламоқда. Ўйлайманки, шу кунларда жаҳондаги миллионлаб инсонларнинг нигоҳи Регистон майдонида. Бу майдон, Самарқанд замини тарихда ҳам жуда кўплаб илм-фан, санъат ва маданият аҳилларини жам қилганини биламиз. Мазкур фестиваль мана шундай тарихий қадриятлар ўзини яна бир бор намоён этишига хизмат қилмоқда. Яна шуни айтишим мумкинки, тадбир мамлакатингиз, халқингиз ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитяпти.  

Икром АВВАЛБОЕВ,  

Алишер ИСРОИЛОВ(сурат)  

ЎзА