Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шарқ руҳияти рангларда
11:20 / 2025-12-29

Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси санъат ихлосмандлари, ижодкорлар ва кенг жамоатчилик эътиборига Ўзбекистон халқ рассоми, академик Файзулла Аҳмадалиевнинг “Ҳадис изидан” номли шахсий кўргазмасини тақдим этди.

Файзулла Аҳмадалиев – ўзбек замонавий тасвирий санъатида мустаҳкам ўринга эга ижодкорлардан. Унинг асарлари фалсафий мушоҳадага чорлаши, маънавий мазмунга бойлиги билан эътиборли. Рассом инсоннинг ички маънавий оламига, Шарқ анъаналарида борлиқнинг илдизи сифатида қабул қилинадиган руҳий ҳолатга мурожаат қилган ҳолда, ўзига хос бадиий тилни шакллантирган. Унинг асарлари бу – маънавий ўз-ўзини англаш йўли бўлиб, унда шакл, ранг, мато фактураси   маъно, хотира ва ҳиссий чуқурликни ифода этувчи воситага айланган. Ижодкор учун санъат бу – йўл, яъни руҳий камолот ва ички тафаккур сари узлуксиз ҳаракатдир.

[gallery-26941]

Кўргазмада муаллифнинг сўнгги беш йилда яратилган 80 дан ортиқ асари намойишга қўйилган. Улар рассом бадиий тилининг эволюциясини яққол акс эттиради. Асарларда пигментлар билан олиб борилган рангтасвир тажрибалар ҳиссий жиҳатдан мураккаб, теран композицияларни вужудга келтиради. Анъанавий ўзбек матолари, “қуроқ” техникаси ҳамда хаттотлик унсурларнинг қўлланилиши рангтасвир ва амалий-декоратив санъат ўртасида уйғунлик яратади. Композицияга фотографик фрагментларнинг киритилиши асар фазосини кенгайтиради ва кутилмаган бадиий акцентлар ҳосил қилади. Шарқ орнаментал анъаналаридан илҳомланган рамзий-декоратив мотивлар эса муаллифнинг бетакрор визуал дунёсига чуқур сингиб кетган.

Файзулла Аҳмадалиев асарлари томошабинга тайёр талқинларни тақдим этмайди. Аксинча, ҳар бир асар мустақил мулоҳаза қилишга чорлайди.  

Экспозициянинг асосий асарлари орасида “Сўфий”, “Бухороликлар”, “Ҳадис изидан”, “Зиёратчилар”, “Ёлғиз карвон”, “Қадимий Бухоро фрагментлари” каби ишлар ўрин олган. Ушбу асарлар рассом ижодининг динамикасини, янги мавзулар, колористик ечимлар, анъанавий ҳамда замонавий бадиий усуллар синтези сари интилишини намоён этади.  

Ушбу кўргазма замонавий ўзбек санъатининг етакчи намоёндаларидан бири бўлган Файзулла Аҳмадалиевнинг бадиий олами билан яқиндан танишиш, унинг образлар, рамзлар ва метафоралардан иборат муаллифлик “луғати”ни кашф этиш учун яхши имкониятдир. Бу олам орқали ҳар бир томошабин ўз маънавий идрок йўлини топиши мумкин.

Камола Юсупова,

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА