Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Шарқ Рими», «Ер юзининг сайқали» деб аталган Самарқанд яна нурли нуқтага айланмоқда
11:51 / 2022-08-29

Тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақаладиган Самарқанд ўрта асрларда илм-фан, маданият ва маънавият ривожланиб, буюк алломалар етишиб чиққан ҳамда жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган азим ва кўҳна шаҳар.

Турли даврларда шаҳарга ташриф буюрган меҳмонлар томонидан Самарқандга «Ер юзининг сайқали», «Шарқ Рими», «Шарқнинг жаннати», «Сўғднинг машҳур бозори», «Мусулмон оламининг қимматбаҳо гавҳари», «Ер юзининг порлоқ нуқтаси» сингари таъсирли, жозибали ва лўнда ифодаланган сўзлар билан номлашган. Бугунги кунда ҳам жаҳон цивилизациясининг қадимий ўчоқларидан бири бўлган, ер юзининг сайқали номини олган Самарқанд мустақил Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий ва илмий-маданий марказларидан бири ҳисобланади.

Хусусан, 23 август куни Самарқанднинг янги қиёфасини ўзида акс эттирган тарихий марказ, яъни «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Қадимий Самарқанд ўлкасида барпо этилган замонавий, улуғвор меъморий мажмуа барча юртдошларимиз ҳамда юртимиз меҳмонлари учун яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллигига муносиб байрам совғаси бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тарихий марказнинг барпо этилишида кўплаб билим ва тажрибага эга мутахассислар ҳамда чет эллик қурувчилар муносиб иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро туризм марказининг тантанали очилишида иштирок этиб, тарихий анъаналарни давом эттирган ҳолда Самарқанднинг қадимий шуҳратини тиклаш, янада кўркам ва обод қилиш, халқаро туризм марказига айлантириш мақсадида «Буюк ипак йўли» маркази барпо этилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ҳақиқатда, бугун Самарқанд шаҳри ўзининг чиройи ва тарихий бой мероси билан дунё халқларининг эътиборини ўзига тортиб келмоқда. "Буюк ипак йўли" халқаро туризм маркази таркибида «Боқий шаҳар» мажмуаси, Конгресс ҳолл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ўрин олган.

«Боқий шаҳар» меъморий ансамбли қадимий услубда барпо этилган бўлиб, мамлакатнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандчилик устахоналари жойлашган, унда ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, гилам тўқиш, ипак қоғоз ишлаб чиқариш жараёнлари меҳмонларнинг кўз ўнгида маҳорат дарслари сифатида ташкил этилган.

Жумладан, Риштон кулолчилиги, Бухоро зардўзлиги, Қорақалпоқ ўтови, Марғилон атласи каби ҳунармандчилик маҳсулотлари ва амалий санъат дурдоналарининг яратилишига сайёҳларнинг бевосита иштирок этиш имконияти мавжуд.

Бу каби тарихий анъаналарни ўзида акс эттирган мажмуа барча ёшдаги сайёҳларга бирдек манзур бўлади. Айниқса, усталар томонидан қўл меҳнати асосида яратилаётган буюмлар бу ерга келган ёш авлод вакиллари учун миллий ҳунармандчиликка қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.

«Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази тарихий анъаналар асосида барпо этилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Бу мажмуа тарихий давр билан бугунги Учинчи Ренессанс даври ўртасида муносиб кўприк бўлди.

Вилоятда 50 га яқин маданий мерос мажмуаларини реставрация қилиш, 600 дан зиёд замонавий меҳмонхона ва меҳмон уйларини барпо этиш ҳамда жамоат транспорти тизимини тубдан ислоҳ этиб, электробуслар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Яқин кунларда Самарқанд шаҳрида бир нечта халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтади.

Келгусида Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув Кенгашининг йиллик йиғилиши ва Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Халқаро тадбирларни ўтказишда ва ташкил этишда «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази катта аҳамият касб этади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки "Ал жоме ас-Саҳиҳ" асари орқали ҳадисшуносликнинг пойдеворини яратган Имом ал-Бухорий мақбараси қайта қурилиб, ҳам зиёрат, ҳам ибодат учун барча шароитлар яратилмоқда. Давлатимиз раҳбари мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирди. Унда Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр муҳити ҳамда бой тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатиб берилади.

Бугун Самарқандда хориждан ва республикамиздан келувчи сайёҳларнинг дам олишлари учун барча имкониятлар етарли. Ташриф буюрган ҳар нсон қайси бир гўшасига назар солмасин, улкан яратувчилик ва бунёдкорлик ишларига кўзи тушади.

Бугун нафақат халқимиз, балки дунё жамоатчилиги келиб маънавий озиқланса, арзийдиган туристик муҳит яратилди.

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
«Адолат» СДП фракцияси раҳбари