Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шарқ қўлёзмалари - бебаҳо хазина
11:25 / 2021-11-22

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Австрия Фанлар академияси Эроншунослик институти ҳамкорлигида “Марказий Осиё Шарқ қўлёзма маданияти: қўлёзмалар маданий мерос ва тарихий манба” мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказилди.

Фанлар академияси матбуот хизматига кўра, zoom платформаси орқали бўлиб ўтган ушбу анжуманда наинки мамлакатимиз, балки Австрия, Буюк Британия, Германия, Нидерландия, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатлардан етакчи соҳа мутахассислари, ёш тадқиқотчилар маърузалари билан иштирок этди.

Анжуман ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимов мамлакатимизда буюк аждодларимизнинг бой меросини асраб-авайлаш, мукаммал тадқиқ этиш масаласи янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Айни пайтда хориждаги қўлёзма, қадимий манбалар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш, чет эллик ҳамкорлар билан бу йўналишдаги ишларни давом эттириш, миллий маданий-маърифий меросимизни ўрганишга доир тадқиқотлар доирасини кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Австрия Фанлар академияси Эроншунослик институти директори, доктор Флориан Шварц анжуман иштирокчиларини қутлади. Буюк цивилицазияларга муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз мероси жаҳон илм аҳлининг доимий эътиборида эканини таъкидлади.

Буюк Британиянинг Кембриж университети профессори Чарльз Мелвилл, Нидерландиянинг Лейден университети профессори Елена Паскалева ҳам ушбу анжуманнинг нечоғли долзарб экани хусусида батафсил сўзлади.

Анжуман доирасидаги “Ўзбекистонда ислом маданияти, тарихи ва санъатини ўрганишнинг янги истиқболлари” мавзуидаги академик Убайдулла Каримов хотирасига бағишланган халқаро анжуман мақолалари тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тўплам бўйича Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич сўзга чиқиб, олиб борилаётган илмий ҳамкорлик кўлами ва аҳамияти ҳамда илмий анжуман ҳақида алоҳида тўхталди.

Уч кун давом этган халқаро анжуман ишида матнларни тадқиқ ва нашр қилиш, ёзма маданий меросни асраш, уларни ўрганиш бўйича сўнгги йилларда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, истиқболли лойиҳалар бўйича қизиқарли маърузалар тингланди, ўзаро фикр алмашилди ва муҳокама қилинди.

Н.Усмонова, ЎзА