Миср Араб Республикасининг “Daralmaref”, Ўмон Султонлигининг “Asdaaoman”, Фаластиннинг “Wafa” каби қатор етакчи араб нашрлари Ўзбекистон Президентининг Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзлаган нутқига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари Фаластин – Исроил можароси масаласида БМТ резолюцияларига мувофиқ “икки давлат қарори” амалга оширилишини қатъий қўллаб-қувватлагани эътироф этилмоқда.
– Ўзбекистон Президенти Ғазодаги ҳарбий амалиётни тўхтатиш, сиёсий музокарани давом эттиришга чақирди, – дейилган, жумладан, бир мақолада. – Шавкат Мирзиёев Украинадаги вазиятдан ҳам чуқур хавотир билдириб, можарони дипломатия йўли билан ҳал қилиш бўйича юқори даражадаги мулоқот бошланганини олқишлади. БМТнинг Марказий Осиёда терроризмга қарши глобал стратегиясини самарали амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаб, терроризмга қарши кураш бўйича минтақавий идора ташкил этиш учун Ўзбекистон мамлакатла барча зарур шарт-шароитни таъминлашга тайёрлигини эълон қилди. Етакчи денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётган ҳозирги нотинчлик нуқтаи назаридан, глобал транспорт тизими заифлигидан хавотир билдираркан, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, халқаро транспорт йўлаклари хавфсизлигини таъминлаш ва самарали логистика тармоқларини ўакллантириш учун транспорт алоқаларини кучайтириш бўйича глобал механизм йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Мақолаларда Орол денгизи экотизимини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатни давом эттиришни алоҳида таъкидлангани баён этилган.
– Мирзиёев иқлим ўзгаришининг яна бир салбий оқибати сифатида кучайиб бораётган “иқлим миграцияси” ҳодисаси ҳақида гапириб, муаммони ҳал этишнинг аниқ халқаро механизми, ҳуқуқий асоси йўқлигига ишора қилди, – дейди муаллиф. – Президент кенг қамровли халқаро шериклик ўрнатиш учун “глобал хартия” қабул қилиш ва ушбу муҳим масала бўйича келишилган сиёсат ишлаб чиқишга чақирди. Мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш орасидаги номутаносибликнинг олдини олиш муҳимлиги таъкидланиб, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида амалий ечимлар топиш, сунъий интеллект моделлари эркин алмашиши учун халқаро ҳамкорлик механизмини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.
Материалларда Тошкент минтақадаги биринчи Ислом цивилизацияси марказини барпо этаётгани ҳам таъкидланган. Шунингдек, БМТда буюк аждодларимиз – аллома ва мутафаккирлар Имом Бухорий, Имом Ат-Термизий, Имом Ал-Мотуридийларнинг бой маънавий, илмий мероси махсус тақдимоти ҳам режалаштирилгани қайд этилган.
Ўзбекистон етакчиси сўзи якунида “Янги Ўзбекистон” дунёнинг барча давлатларини ҳамжиҳатликка, очиқ мулоқотга, яқин ҳамкорликка чақириши, халқлар, маданиятлар, цивилизациялар мулоқотини мустаҳкамлаш, умумий инсоний мақсадларга эришишга муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА