Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шарқ матбуотида Конституциямиз таҳлили
12:25 / 2025-12-06

Ўмон Султонлигининг “Asdaaoman” нашри Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 33 йил тўлиши муносабати билан мақола эълон қилди.

Мақолада 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги қомусимиз фуқароларнинг 90,21 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали қабул қилинганига эътибор қаратилган. Ҳужжатда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги барча орзу-умидлари, интилишлари аксини топганига урғу берилган.

Махсус дастур доирасида бу йилги байрам тантаналари “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғоя асосида кенг миқёсда нишонланиши белгиланган. Айни кунларда юртимиз бўйлаб байрам шодиёналари юқори кайфиятда давом этаётгани қайд этилган.

– Ўтган қисқа вақт мамлакат учун муҳим ўзгаришлар даврига айланди, – дейилган мақолада. – Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий янгиланишларга асос бўлган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотлардан асло ортга қайтмаслиги, қонун устуворлиги ва барқарор ривожланишга мудом интилишини тасдиқлайди.

Кувайтнинг нуфузли “Q8 Press” электрон нашрида чиққан “Янги Ўзбекистон: Конституциявий ислоҳотлардан конституциявий барқарорликка” сарлавҳали мақола жорий йил муҳим воқеаларга бой бўлгани билан бошланган.

– Бугунги кунда Янги Ўзбекистон мустаҳкам ўрнатилган демократик ислоҳотларни ишончли тарзда амалга оширмоқда, прагматик ташқи сиёсат юритмоқда, халқаро ҳамжамият билан очиқ ва фаол мулоқот олиб бормоқда, инсон ҳуқуқи ва эркинлиги ҳимояси кафолатини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширмоқда, – деб ёзади, жумладан, муаллиф. – Ўзбекистондаги сўнгги конституциявий ислоҳотлар ўзига хос хусусиятга эга. Масалан, ҳужжатга киритилган тузатишлар очиқ, эркин жамоатчилик фикридан сўнг ишлаб чиқилди. Бу фуқароларнинг кенг миқёсдаги иштироки ва мазмунли муҳокамани таъминлади. Иккинчи хусусият инсон ҳуқуқи институтларининг конституциявий мақоми билан боғлиқ. Париж тамойили ва Вена декларацияси ҳамда ҳаракатлар дастури тавсияларига мувофиқ, Миллий инсон ҳуқуқлари институтлари яратилди. Учинчи хусусият инсон ҳуқуқи ва эркинлиги самарали кафолатини мустаҳкамлаш. 2020 йилдан буён Ўзбекистонда конституциявий шикоят йўллаш механизми ишлаяпти, Конституциявий судга мурожаат қилиш имконияти кенгайтирилган, Миллий Инсон ҳуқуқлари стратегияси амалга оширилмоқда. Ҳозир 2030 йилгача мўлжалланган янги стратегия ишлаб чиқиляпти. Мазкур ҳужжатда асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилишга устувор аҳамият берилган. Тўртинчи жиҳат фуқаролар орасида конституциявий онг маданиятини шакллантириш билан боғлиқ. БМТ Инсон ҳуқуқи бўйича таълим глобал дастури доирасида республика барча таълим муассасаларида инсон ҳуқуқи бўйича таълимни ривожлантириш чораларини кўрмоқда. 2025 йил октябрь ойида Мадридда бўлиб ўтган Конституциявий адолат бўйича олтинчи Жаҳон конгресси иштирокчилари барчани суд қарори виждонан амалга ошириладиган, суд танқиди самарали таъсир кучига эга бўладиган конституциявий маданиятни ривожлантиришга чақиргани бежиз эмас. Зеро, шаффофлик, ҳисобдорлик, давлат институтлари ва фуқаролик жамияти билан доимий мулоқот суд ҳокимияти мустақиллигини кучайтиради.

М.Пирматова тайёрлади. ЎзА