Сирдарё вилояти, Гулистон туманида жойлашган 11-сон “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатида кўриш имконияти чекланган болалар учун яратилган шарт-шароитлар йилдан йилга яхшиланмоқда. Бу мактабда болалар нафақат умумтаълим фанларини, балки замонавий касб-ҳунар ва рақамли технологиялар асосларини ҳам ўзлаштириб, мустақил ҳаётга қадам қўяди.
Мактабда ҳар бир кун болаларнинг қувноқ овозлари ва интилишлари билан бошланади. Улар учун барча зарур шароитлар яратилган бўлиб, бу уларнинг келажакка бўлган ишончи ва умидини янада мустаҳкамламоқда.
Ўқувчилар амалиётда ўз маҳоратини синаш имконига ҳам эга. Пойбзал таъмирлаш, дурадгорлик ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишлари болаларга мустақил ҳолда меҳнатга одатланиш имконини беради.

– Бизнинг вазифамиз болаларга фақат касб ўргатиш эмас, балки “мен қила оламан” деган ишончни уйғотиш. Улар бутун жараённи — материал танлашдан то тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришгача — ўз қўли билан бажаради, – дейди мактаб-интернати директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Бекзод Ҳасанбоев.
Компютер саводхонлиги ва дастурлаш каби замонавий технологиялар бўйича лойиҳалар ҳам болаларни рақамли касблар асослари билан таништирмоқда. Ўқитувчи Жуманазар Мусурмонқулов раҳбарлигида 9–11-синф ўқувчилари дастурлар билан ишлашни ўрганмоқда ва бу соҳани келгусидаги асосий йўналиш сифатида кўришмоқда.
Ўқувчиларнинг ўз қўллари билан яратган маҳсулотлари сабаб ғурур ва завқ туйишлари ҳам катта аҳамиятга эга.

– Қўлим билан яратган ҳар бир маҳсулот менга завқ беради. Келажакда ўзимни фақат уй бекаси эмас, балки ишбилармон аёл сифатида тасаввур қиляпман, – дейди 10-синф ўқувчиси Дилфуза Раҳимжонова.
Йигитлар учун ташкил этилган “дурадгорлик” тўгарагида болалар тахта йўниш ва мебел буюмлари тайёрлаш орқали амалий касб маҳорати билан таништирилмоқда.
– Ҳар бир яратган маҳсулотимда ўз меҳнатимни кўраман, – дейди 8-синф ўқувчиси Умиджон Исмоилов. – Чунки бу касб менга келажакда албатта керак бўлади. Меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди.
Мактабда таълим ва тарбия жараёнлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Паралимпия қўмитаси, “Баркамол авлод” мактаблари ва маҳаллий ҳокимият органлари ҳамкорлигида амалга оширилади. Спорт, мусиқа, санъат ва бошқа тўгараклар болаларнинг ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири