Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шароити оғир туман ҳамда маҳаллалар аҳолиси даромадини ошириш чора-тадбирлари белгиланди
15:17 / 2025-02-27

Навоий вилоятида “Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари” мавзусида кўргазмали семинар ташкил этилди.

Вазирлик ва идоралар вакиллари, вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, вилоят, шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари, ҳокимларнинг 1-ўринбосарлари, вилоят иқтисодий комплекс, тижорат банклари, Маҳаллалар уюшмалари раҳбарлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари бошлиқлари, шароити оғир маҳаллалар раислари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тадбир “Қосим Шайх Азизон” қадамжосини зиёрат қилишдан бошланди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Навбаҳор туманидаги Пахтакор маҳалласида жойлашган “Агро Центр” МЧЖ томонидан ташкил этилган иссиқхоналарда етиштирилаётган кўчатларни бориб кўрди. 

4 гектар ер майдонда ташкил этилган иссиқхонада помидор, карам, булғор қалампири, бодринг, бақлажон каби озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилади. Маҳсулотлар нафақат ички бозорга, балки экспортга ҳам йўналтирилади. Корхона томонидан 2024 йилда 200 минг АҚШ доллари қийматидаги мева-сабзавотлар экспорт қилинган. 

Кўргазмали семинар доирасида иштирокчилар Кармана тумани Уйрот маҳалласида истиқомат қилувчи Элмурод Кенжаев томорқасида ташкил этилган кўчатчилик хўжалиги билан танишди. 

– Томорқамиз 15 сотихдан иборат бўлиб, иссиқхона ташкил этганмиз, – дейди Э.Кенжаев. – Иссиқхонамиздан йилига икки марта ҳосил оламиз. Баҳор мавсумида гул ниҳоллари парваришланса, куз-қиш мавсумида турли мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиб, кўкартирамиз. Оила аъзоларимизнинг барчаси иш билан банд. Даромадимиз ҳам шунга яраша. Йиллик соф фойдамиз 450 миллион сўмдан ошади. Хуллас, ишласангиз, аниқ режа асосида меҳнат қилсангиз, албатта, роҳатини ҳам кўрасиз.

Одил Кенжаев раҳбарлигидаги “Саид барокатли” оилавий корхонасида эса иссиқхона шароитида балиқчилик йўлга қўйилган. Интенсив усулда чавоқчилик билан шуғулланувчи оила йилига ўртача 700-800 минг дона чавоқ етиштиради. Оила вакиллари кўчатчилик билан ҳам шуғулланади. 

Иштирокчилар “ZARAFSHAN GOLDEN GROUP” компаниясига қарашли иссиқхонада ҳам бўлиб, бу ерда қулупнай ва помидор етиштириш технологиялари билан танишди. 

Вилояти ҳокими Нормат Турсунов ва семинар иштирокчилари Қизилтепа туманидаги Маликобод маҳалласида “Бир контур – бир маҳсулот“ тамойили асосида картошка ҳамда кунгабоқар етиштириш лойиҳасини кўздан кечирди. 

Лойиҳа ташаббускори “Муродобод камоли” фермер хўжалиги раҳбари Нусрат Тўраев ерни экишга тайёрлаш, экинларни парваришлаш ва натижалар тўғрисида маълумот берди.

Тумандаги Тавоис маҳалласининг асосий драйвери асаларичилик саналади. Ушбу маҳалладаги 160 та оила асалари парвариши билан шуғулланади ва улар йилига жами 10 минг тоннадан ортиқ асал йиғиб олади.

Шоди Саидов хонадонида бўлган семинар иштирокчиларига асаларичиликни ривожлантириш, уни парваришлаш жараёни ҳақида гапириб берди. 

– Томорқамиз 12 сотих, – дейди Ш.Саидов. – 100 дона асалари уяси, махсус техникаларимиз бор. Асалариларимизни мавсумга қараб Ўртачўлга, Самарқанд ва Жиззах вилояти адирларига олиб борамиз. Оиламиз аъзолари иш билан банд. Маҳалламиздаги асаларичилик билан шуғулланувчи қўшниларимиз билан ўзаро фикрлашамиз, тажриба алмашамиз, билмаганларимизни сўраб ўрганамиз. Даромадимизга келадиган бўлсак, йилига 240 миллион сўм атрофида фойда оламиз. 

Тумандаги Кулолон маҳалла аҳолиси томорқасининг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланишни яхши билади. Маҳалланинг биргина Элобод кўчасида истиқомат қилувчилар иссиқхоналарида қулупнай, булғор қалампири, қалампир, цитрус мевалар ва бошқа маҳсулотлар етиштиришни йўлга қўйган.

Семинар доирасида иштирокчилар айнан шу манзилда бўлиб, томорқадан самарали фойдаланиш, етиштирилган маҳсулотларни ички бозорга йўналтириш ва лидер тадбиркорлар билан ҳамкорлик жараёнлари билан танишди.

Маҳалла марказида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги йўналишида амалга оширилаётган ишлар, етиштирилаётган маҳсулотлар, эришилаётган ютуқлар акс этган кўргазмада томорқасидан самарали фойдаланаётган бир гуруҳ томорқачиларга мотокультиватор олиш учун сертификатлар, шунингдек, янги мавсум олдидан қизилтепалик фермерларга 1 та ғалла ўрими комбайни ва 10 та юқори унумли трактор калитлари топширилди.

Семинарнинг асосий қисми Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида давом эттирилди. 

Бу ерда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш, маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш орқали ҳудудларнинг янги “ўсиш нуқталари”ни яратиш, шунингдек, вилоятдаги шароити оғир туман ҳамда 41 та маҳаллада аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирларини намунали ташкил қилиш бўйича тушунчалар берилди.

Бундан ташқари, семинарда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳар бир маҳаллани аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш, шу билан бирга хонадонларни кооперация усулида бириктириш ва етиштирилган маҳсулотни марказлашган ҳолда реализация қилинишини йўлга қўйиш, ҳар бир маҳалланинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, бозорлардаги нарх-навони пасайтириш чора-тадбирлари ҳақида сўз юритилди. 

Семинар сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири