Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шароит ва имконият бўлса даромад ўзи келади
20:36 / 2025-02-28

Тошкент вилоятида хориждан қайтган мигрантларни даромадли ишга жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда. “Маҳалла еттилиги” бу жараёнда фаоллик кўрсатиб, аҳолининг таклифи, муаммоси ва шароитини ўрганмоқда.

Хусусан, Оққўрғон туманида ҳам яхши тажриба шакллантирилган. Бу йил 1-сектор ҳудудидаги “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинида “Сайхунобод тажрибаси” асосида аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Хусусан, 547 та хонадон вакилларига тегишли 65,4 гектар ерда қизил лавлаги, карам, гул карам ва саримсоқпиёз экиш чоралари кўрилади. Бу жараёнда аҳолига томорқа хизматлари кўрсатилади. 

Шу билан бирга, 2-сектор ҳудудидаги “Навбаҳор” маҳалласида “Бир контр – бир маҳсулот” тамойили асосида 4 гектар ер майдонда карам ва гулкарам етиштириш лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг учун 200 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бунда буюртмачи томонидан аҳоли ўртасида карам ва гулкарам етиштириш бўйича “Фьючерс” шартнома имзоланади. Режага кўра, ялпи ҳосил 140 минг тоннани, фойда эса 920 миллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Ўз навбатида “Қўрғонча” МФЙда ҳам кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши режа қилинган. 

ؘ– Маҳалламизнинг асосий драйвери балиқчилик ва асаларичилик. Лекин аҳоли томорқасида бошқа йўналишларда ҳам ўзини-ўзи банд қилган, – дейди мазкур маҳалла ҳоким ёрдамчиси Ҳусан Баҳоров. – Айниқса, “Маҳалла еттилиги” билан бирга ҳудуддан хорижга ишлаш мақсадида кетган аҳолини қайтариб, бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратдик. Бу саъй-ҳаракатларимиз ўз натижасини берди. Уларга тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар ажратиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишига кўмаклашдик. 

[gallery-22038]

Маҳаллада яшовчи Машҳура Аббосова турмуш ўртоғи билан бир неча йил илгари Россия Федерациясида ишлади. Бироқ, мусофир бўлиб, оиласидан узоқда топган пулининг баракаси бўлмади. Шундан сўнг эр-хотин яна юртимизга қайтгач ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан беданачиликни йўлга қўйди. Мана икки йилдан буён рўзғорига барака, кўнгилларига хотиржамлик оралади. 

– Оилавий етишмовчиликни тўғрилаш учун ўзга юртда ишлашга мажбур бўлгандик, – дейди М.Аббосова. – Ҳозир ўша пайтларни эсласам хато қилганимизни англайман. Ҳовлимизда мингдан зиёд беданаларни парваришлаймиз. Кунига 300-500 дона бедана тухумини оламиз. Ҳар бир тухумнинг улгуржи баҳоси 500 сўмни ташкил этади. Харидорларимиз кўп, маҳаллий бозор ва дўконлардан ортмайди. Бедана гўштини эса турли овқатланиш нуқталарига топширамиз. Яқинда маҳалла ҳоким ёрдамчисига кредит олиш учун мурожаат қилдик ва имтиёзли 33 миллион сўм кредит олдик. Бу орқали фаолиятимизни кенгайтиришни мақсад қилдик. 

Ҳудуддаги “Фарҳод ва Чаросхон” хусусий корхонаси раҳбари Саидмуҳаммад Турсунов ҳам хорижий давлатда кўп йиллар паррандачилик хўжаликларида ишлади. 

– Саккиз йил аввал хонадонимизда икки минг дона бройлер жўжаларини парваришладик. Ундан сўнг хорижга шартнома асосида ишлаш учун кетдим. Уйга қайтгач, яна фаолиятимни давом эттирдим. Ҳозир йилига 15 минг дона товуқни гўшт учун боқамиз. Илгари хорижий давлатга ишчи бўлиб борган бўлсам, эндиликда ўз корхонамда ўн нафар ёшни иш билан банд қилдим, – дейди Саидмуҳаммад Турсунов. 

Умуман олганда, туманда тизим мутахассислари саъй-ҳаракатлари билан аҳоли бандлигини таъминлаш, қонуний тартибда хорижда шартнома асосида ишлашга йўналтириш, кам даромадли мигрантларни эса қайтариб доимий бандлигини таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. 

А.Мусаев, А. Алижонов (сурат), ЎзА.