Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шароф Рашидов ёдгорлик мемориал музейи нега ёпилди?
16:45 / 2026-01-20

Музейлар орқали ҳар бир киши ўз даврининг буюк шахслари ва ижтимоий ҳаёти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

Маълумки, атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов уй музейи Жиззах вилоятида жойлашган ва Шароф Рашидовнинг бой меросини ўрганиш ҳамда халққа тақдим этиш мақсадида барпо этилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарорида Жиззах шаҳрида адибнинг мемориал музейини ташкил этиш ва музей ҳудудини ободонлаштириш бўйича вазифалар белгиланган эди.  

Шароф Рашидов уй музейи жойлашган ҳудуд аввал унинг ота-онаси — Рашид ота ва Қулсиной она Халиловага тегишли бўлган ва Жиззах шаҳрининг чекка қисмида жойлашган. Музейда намойиш этилаётган экспонатлар Шароф Рашидовнинг болалик даври, талабалик йиллари, муҳаррирлик даври, Ўзбекистонда чўл ва қўриқ ерларни ўзлаштириш, қурилиш жараёнидаги фаол иштироки, ижтимоий-сиёсий ва адабий фаолияти ҳамда бошқа мавзуларга бағишланган ўнта бўлимга ажратилган.

Шароф Рашидов номидаги халқаро жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда Жиззах шаҳрида жойлашган Шароф Рашидов ёдгорлик мемориал музейини модернизация қилиш ҳамда замонавий мультимедиа ускуналари билан жиҳозлаш бўйича давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида музей биносида реконструкция ва техник янгилаш ишлари олиб борилиши муносабати билан 2026 йил 19 январдан 31 августга қадар музей ташриф буюрувчилар учун вақтинча ёпилади.

Қайд этилишича, лойиҳа ишлари Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги вилоят маданий мерос бошқармаси назорати остида амалга оширилади. Белгиланган ишлар якунлангач, музей замонавий талабларга мос ҳолатда ўз фаолиятини қайта бошлайди.

Маданий мерос агентлиги матбуот хизматининг хабарига кўра,  модернизация ишлари якунланганидан сўнг музейда интерактив мультимедиа технологиялари жорий этилиб, ташриф буюрувчилар учун янада қулай шароитлар яратилади ҳамда янги экспозициялар тақдим этилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА