Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шароф Рашидов таваллудининг 105 йиллиги Жиззахда кенг нишонланди
10:56 / 2022-11-07

Куни кеча ўзбек халқининг буюк фарзанди, атоқли давлат арбоби ва таниқли ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 105 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди.

Шу муносабат билан Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ҳайкали ўрнатилган хиёбонда ташкил этилган тадбирда вилоят, шаҳар, туман ҳокимликлари, Шароф Рашидовнинг фарзанд ва яқинлари, фронт орти меҳнат фахрийлари, вилоят бошқармалари, ташкилотлари раҳбарлари, ҳарбийлар, олий таълим муассасаларининг талабалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ва бошқалар сўзга чиқиб, атоқли давлат арбоби ва таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг меҳнат фаолияти, ижоди ҳақида гапириб берди.

– Давлатимиз раҳбарининг Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллик тантанали маросимида сўзлаган нутқидаги қуйидаги сўзлар халқимизнинг дилидаги гаплар бўлди: “Кўп миллатли халқимиз бу улуғ инсоннинг азиз номини ёд этиб, унинг ўлмас хотирасига чуқур ҳурмат ва эҳтиром бажо келтирмоқда. Шароф Рашидов ўзининг ноёб ақл-заковати, бой билим ва тажрибаси, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги, юксак инсоний фазилатлари билан нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ-яқин ўлкаларда ҳам катта обрў-эътибор қозонган эди. Бу улуғ инсон, собиқ мустабид тузум даврида турли тазйиқ ва синовларга бардош бериб, халқимиз ва миллатимизга садоқат билан, ҳалол ва фидокорона хизмат қилди. Умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам далага бориб, заҳматкаш ўзбек деҳқонлари орасида бўлганини барчамиз яхши биламиз” деб айтиб ўтди,. – деди Жиззах вилояти ҳокими ўз нутқида.

Атоқли давлат арбоби ва таниқли ёзувчи Шароф Рашидов Жиззахда таваллуд топиб, оддий халқ орасидан чиққан, ҳақиқий ватанпарвар раҳбар эди. У киши бир умр ўзи каби содда ва камтарин одамларга елкадош бўлиб, уларнинг дарду ташвишлари билан яшади. Уларга хизмат қилишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб билди.

Расмий маросимдан сўнг, Шароф Рашидов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Гул қўйиш маросимидан сўнг ўзбек халқининг буюк фарзанди, атоқли давлат арбоби ва таниқли ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 105 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокимлиги анжуманлар саройида шоирнинг ижод намуналаридан тузилган концерт дастури намойиш этилди.

А.ҚАЮМОВ,  

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА