Ислом цивилизацияси марказида Шароф Рашидов давридаги илмий ва маданий тараққиётга бағишланган махсус лойиҳа тайёрланмоқда.
Йирик давлат арбоби ва таниқли адиб, Шароф Рашидов 1917 йил 6 ноябрда Жиззах шаҳрида деҳқон оиласида туғилган. У Жиззахдаги педагогика техникумида ўқиган, 1941 йилда эса Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Фаолиятини муаллим ва мухбир сифатида бошлаб, 1938–1941 йилларда Самарқанд вилоятининг собиқ “Ленин йўли“ (ҳозир “Зарафшон”) газетасида ишлаган.
Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, фронтдан қайтгач, 1944–1947 йилларда Самарқанд вилояти партия ташкилотининг котиби бўлиб фаолият кўрсатган.
Шароф Рашидов фаолияти давомида “Қизил Ўзбекистон“ газетасида муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси, Ўзбекистон Олий Кенгаши раёсати раиси, Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби лавозимларида ишлаган.
Ислом цивилизацияси маркази маълумотига кўра, марказ томонидан тайёрланаётган лойиҳа доирасида видеофильм ишланиб, Шароф Рашидов бошқаруви давридаги меъморчилик, санъат, адабиёт ва театр соҳаларидаги ютуқлар акс эттирилади. Шунингдек, даврга оид эксклюзив экспонатлар ҳам экспозицияга киритилиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Шароф Рашидов ижоди 1930 йилларнинг иккинчи ярмида бошланиб, “Самарқанд куйлари“ номи билан биринчи шеърий тўпламини эълон қилган. Адиб “Бўрондан кучли“, “Ғолиблар“ ва “Қудратли тўлқин“ романлари муаллифидир. Унинг ижодкор сифатида истеъдодини яққол акс эттирган асари – “Кашмир қўшиғи“ бўлиб, бу асар адабиётимизда ёрқин из қолдирган.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА