Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шароф Бошбековнинг ёрқин хотираси халқимиз қалбида абадий яшайди
10:26 / 2022-10-09

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг М.Шайхзода номидаги йиллик мукофоти совриндори, Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти ҳамда “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, драматург Шароф Бошбеков оддий, аммо меҳнаткаш ижодкор эди.

Самарқанд вилояти Булунғур тумани Губир қишлоғида таваллуд топган Шароф Бошбековнинг туғилишиданоқ улуғлар дуосига мушарраф бўлгани бежиз эмас. 1951 йил қаҳратон қиш кунларида ўзбек халқининг буюк фарзанди, давлат арбоби Шароф Рашидов Самарқанд шаҳрига бораётиб Булунғурда яшаб турган бахши шоир Фозил Йўлдошнинг зиёратига киради. Шундай улуғ инсоннинг ташрифи дарров қишлоққа овоза бўлади. Шу хонадонда хизматда бўлган Бошбек ака яхши ниятлар билан ўзбек халқининг отасидан янги туғилган ўғил чақалоғига исм қўйиб беришини сўрайди. Йигитчанинг қадамлари қутлуғ, ҳаёт йўллари шарофатли бўлсин деб, Шароф деб исм беришади. 

У ҳали бола экан ота-онаси Мирзачўлни ўзлаштиришга ҳозирги Сардоба туманига кўчиб келади. Шароф Бошбеков оламга теран нигоҳ билан қарар, кичик қишлоқда ўсаётгани билан катта оламга бўйларди. Уларнинг авлодида санъаткор бўлмаса-да Шароф Бошбеков мусиқа, ашула айтишга қизиқарди. Унинг рубобда қўшиқ куйлаши укаларигаям ўтди, ака-укаларнинг барчаси санъатга ошуфта улғайди. Пахта етиштиришдан бошлаб йиғим-теримгача, машаққатли қишлоқ хўжалигининг барча ишларида у укалари билан енг шимариб меҳнат қилар, санъат уларга куч-қувват ва илҳом бағишларди.

Шароф Бошбеков Тошкент Санъат институтининг мусиқали актёрлик бўлимини тамомлагач, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида фаолият кўрсатди. У кўплаб саҳна асарларидаги етакчи образларни талқин қилиб, эл назарига тушди. Кейинчалик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, Ўзбекистон Миллий театрида меҳнат қилди.  Ш.Бошбеков “Тушов узган тулпорлар” (1983) ҳамда “Эшик қоққан ким?” (1987) каби комедия, “Темир хотин” (1989), “Қасосли дунё” қисқа метражли фильм сценарийсини ёзди. Шунингдек, “Эски шаҳар гаврошлари” (1998) каби жиддий комедия яратди. Сўнгги вақтда унинг “Тақдир эшиги” драмаси майдонга келди. Айниқса “Темир хотин” пьесаси адибга катта шуҳрат келтирди. Унда фан-техника ривожи даврида инсон онги, дунёқараши, руҳиятида содир бўлаётган жиддий ўзгаришлар ҳажвий йўсинда умумлаштириб берилган. Адибнинг шу асари асосида 1990 йилда кинофильм ҳам яратилди. Шунингдек, у “Шариф ва Маъриф", “Юзсиз" (1993), “Тилла бола” (1994) каби фильмларнинг сценарийларини ёзишда иштирок этди. У “Масхарабоз” (1996), “Фарҳод ва Ширин” фильмларининг сценарийсини ёзиш баробарида режиссёр сифатида ҳам ижод қилди. “Чархпалак” кўп қисмли видеофильм  ҳам яратди. Шунингдек, “Тентак фаришталар” (1995), “Зўрдан зўр чиқса” (1996) каби саҳна асарларини ёзди.

Ижодкорни бемаврид ўлим орамиздан олиб кетган бўлса-да унинг асарлари  одамлар томонидан севиб ўқилмоқда, асарлари томоша қилинмоқда. Куни кеча ижодкор таълим олган айни пайтда Сардоба тумани ихтисослаштирилган мактабида Шароф Бошбеков хотирасига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди.

– Биз ўқиган гувалак томли мактабда (ўша пайтлари Охунбобоев номли эди) 18 синфдош бўлганмиз, Шароф ўткир зеҳнли, аълочи эди, – дейди учрашувда унинг синфдоши, педагог  Нурилло Алибердиев. – Ундан ҳамма ҳайиқиб турарди, муаллимларниям саволларга кўмиб ташларди, ҳамма нарсани билгиси келарди. 

– Шароф Бошбеков истеъдодли актёр эди, у билан кўп спектаклларда партнёр сифатида  ҳамкорлик қилганмиз, роллар ижро этганмиз, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актрисаси Озода Абдуллаева. – Санъаткор, ижодкор дўстимиз қалбимизда мангу яшайди.

– Акам истеъдод соҳиби эди, – дейди адибнинг укаси, журналист "Адолат кўзгуси" газетаси бош муҳаррири Фарҳод Норматов. – Санъатга жуда қизиқарди. “Марҳабо талантлар” республика кўрик-танловида рубоб чалиб ғолибликни қўлга киритган. Чолғу асбобларининг деярли ҳаммасини чалишни биларди. Болалигимизда пахта терганмиз, полиз маҳсулотларини экиб, деҳқончилик қилганмиз. Акам оддий турмуш кечириб, ҳаёт қийинчиликлари, айрилиқлари, синовларини бошидан кечиргани учун ҳам ёзганлари ишонарли чиққан. Негаки унинг ҳамма қаҳрамонлари самимий ва меҳнаткаш, замонамизнинг чинакам фидойилари. 

Ўзининг бор талантини, истеъдодини, қаламини одамларга шодлик, қувонч, ҳузур бағишлашга сарфлаган оддий ва камтарин, содда ва камсуқум ижодкор Шароф Бошбековнинг ёрқин хотираси халқимиз қалбида абадий яшайди.

 

Шуҳрат Суяров, ЎзА