Инсон билиб-билмасдан ёки кўнгил кўчасига кириб, турли хатоларга йўл қўяди. Ана шу хатолар ҳаётда кимнидир қийин аҳволга солиб қўйса, яна кимнидир ҳаётини издан чиқариб юборади.
Минг афсуски, буни биз жуда кеч англаймиз, пушаймон бўламиз. Натижада хатоларимиз қурбонига айланамиз.
Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар судида суд раиси Умаржон Мирзаабдуллаев раислигида ўйламасдан қилинган иш оқибатида бевақт ҳаётдан кўз юмган ёш йигит, жаҳл устида қотилга айланган аёл билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди.
Янгийўл туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, турмушдан ажраган З.У. Тошкент шаҳрига ишлаб, пул топиш учун келган андижонлик Зафар (исми ўзгартирилган) исмли йигит билан танишиб, бир-бирларини ёқтириб қолади. Улар шаърий никоҳдан ўтиб, Тошкент шаҳрида ижарага олинган уйда маълум вақт бирга яшашади.
Аслида уйланиш, наввойчилик қилиб пул топиш мақсадида Тошкент шаҳрига келган Зафар кўнгил майлига берилиб, З.У. билан шаърий никоҳдан ўтади, бошқа уйланмасликка, у билан доимий бирга яшашга ваъда беради. Минг афсуски, бу ишлардан Зафарнинг ота-онаси, яқинлари умуман, бехабар бўлган.
Маълум вақт бирга яшаганларидан сўнг турли сабаблар туфайли ўрталарига совуқлик тушади. Кунлардан бирида Зафар “ишларим юришмаяпти, тузукроқ даромад бўлмаяпти” деб З.У.га Жиззахга ишлаш учун кетишини айтади. Ижарада яшаётган уйдан чиқиб кетгач, З.У.нинг телефонларига жавоб бермай қўяди. Турмуш ўртоғи эса уни топиб беришларини сўраб, Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармасига мурожаат қилади.
Вақт ўтиб З.У. биладики, Зафар уйига, Андижонга уйланиш учун кетган. Чунки Зафарнинг ота-онаси уни бир қизга унаштириб қўйишган, карантин туфайли тўй ортга сурилиб келаётган эди.
Алдангани, шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғининг бошқа аёлга уйланаётганига чидай олмаган, ғазаб отига минган З.У. тўй арафасида Андижонга келади, Зафар билан учрашади. Ундан тўйни тўхтатишини, бўлмаса, ота-онаси, маҳалла-кўй олдида шарманда қилишини айтади.
Орада анча маш-машалар бўлиб ўтади, ишга Зафарнинг акаси, у яшайдиган маҳалла ички ишлар профилактика инспектори аралашади. Масалани тинч йўл билан ҳал этишга уринишади. Лекин ҳеч ким бахтсиз ҳодиса юз бериши мумкинлиги, унинг олдини олиш чораларини кўрмайди.
Зафар З.У.ни Тошкентга қайтиб кетишга кўндиради, тўйни ўтказиб, бир неча кундан кейин Тошкентга боришини айтади. Лекин аламига чидай олмаган ёш аёл, Тошкентга қайтиш олдидан, Зафарни соғинганини, у билан ҳеч ким йўқ жойда бир оз бирга суҳбатлашиб ўтиришни сўраб, уни пичоқлаш режасини тузади.
З.У.нинг қотиллик қилишини хаёлига келтирмаган Зафар у билан Избоскан туманидаги пахта даласининг четида бирга ёлғиз қолишади. Бундан фойдаланган аёл бехосдан дўкондан сотиб олган ёғоч сопли пичоқни Зафарнинг бели ва биқинига бир неча марта санчийди, хушини йўқотаётган Зафардан қилган иши учун кечирим сўрайди.
Зафар эса тез ёрдамга хабар бериб, бу ердан тезроқ кетишини, қилган ишини ҳеч кимга айтмаслигини тайинлаб, ҳушини йўқотади.
Қилган ишидан қўрқиб, ўзига келиб қолган З.У. даладан катта йўлга чиқади, ўтиб кетаётган йўловчи машиналардан бирини тўхтатиб, эрини кимдир пичоқлаб қўйганини айтиб, ёрдам сўрайди.
Тиббий тез ёрдам шифокорларининг кўрсатган ёрдами, қилинган жарроҳлик операцияси наф бермай, Зафар шифохонада вафот этади.
З.У. ўзи билан Тошкентдан бирга келган танишига шаръий никоҳдаги эрини пичоқлаб қўйганини айтиб, уйига, Тошкентга қайтиб кетади.
Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Судда З.У. айбдор деб топилди, Ўзбекистон Республикаси ЖК 97-моддасининг1-қисми билан унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибдаги колонияларда ўташлик белгиланди.
Ёлғонга қурилган, охири ўйланмасдан қилинган иш туфайли ҳали йигирма беш ёшга тўлмаган ёш йигит ҳаётдан бевақт кўз юмди. Ота-онаси, яқинларини армон, афсус доғида қолдириб кетди. Не-не орзу-умидлар билан яшаётган ёш аёл эса ўн йил умрини панжара ортида ўтказишга маҳкум этилди.
Бу воқеа барчага, айниқса, ёшларга ибрат бўлсин. Атрофимиздагилар, яқинларимиз юриш-туришига бефарқ бўлмайлик. Имкон қадар юқоридаги каби воқеалар юз беришининг олдини олайлик.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,ЎзА