Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шарифа 23 йил деганда туғилганлик гувоҳномасини олди
10:10 / 2020-11-04

Наманган вилояти Учқўрғон туманилик Шарифа Бегматова 1997 йилнинг 9 ноябрь санасида дунёга келган. Айни ўша пайтда унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси номаълум сабабларга кўра олинмаган.

Орадан йиллар ўтиб, Шарифа балоғат ёшига етганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат олиш зарурати сезилди. У биринчи бор 2015 йил туман ФҲДЁ бўлимига учрайди. Лекин қилинган мурожаат ФҲДЁда эмас, балки фуқаролик судида ҳал қилиниши унга тушунтириб ўтилади. Ҳеч бир ҳужжатсиз 18 ёшни қаршилаган Шарифа судга ариза билан мурожаат қилади. Унинг аризаси тегишли тартибда кўриб чиқилиб, бир неча идоралардан маълумотлар олиб келиниши айтилади. Аммо, югур-югурга кетадиган маблағи йўқлиги боис, шу кунгача туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасиз яшаб келади.

Ўтган вақт мобайнида турмушга чиққан Шарифа фарзандининг тақдири ҳам худди ўзиникидек бўлишидан хавотир олиб, туман ФҲДЁ бўлимига яна мурожаат этди. Унинг бахтига фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига асосан 16 ёшдан катта бўлганларга ҳам туғилганлик гувоҳномаси суд аралашувисиз берилаётгани айни муддао бўлди. Энди у шахсини тасдиқловчи фуқаролик паспортини олгандан сўнг фарзандига ҳам туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиши мумкин бўлади.

– Тўғриси, туғилганлик гувоҳномасини олиш мен учун машаққатли ишга айланди. Беш йилдан бери кўплаб идоралар эшигини тақиллатдим. Бормаган жойим қолмади, – дейди Шарифа Бегматова. – Суд тартибида олишим учун зарурий ҳужжатларни жамлаган бўлсам-да, айрим тўловларига келганда моддий томондан қўлим калталик қилди. Ҳозир жуда ҳам ҳаяжондаман. Ортда қолган 23 йил давомида шахсни тасдиқловчи бирор бир ҳужжатим йўқлиги мени ҳамиша ташвишга солиб келарди. Қисқа фурсатда мени мурожаатимни ижобий ҳал қилиб беришди бундан миннатдорман.