Андижонда аниқ ва табиий фанлар бўйича “Шарда фанлар олимпиадаси”нинг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамда Ўзбекистон-Шарда университети ўртасидаги ҳамкорлик меморандумига асосан, ўқувчи ёшларнинг билимларини халқаро талаблар доирасида синовдан ўтказиш, Шарда университети фаолиятини тарғиб этиш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида математика, физика, химия, информатика ва инглиз тили фанлари бўйича ўтказилган фан олимпиадасининг қуйи босқичларида умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 4 минг нафарга яқин ўқувчи иштирок этди.
Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган Ўзбекистон-Шарда университетида айни кунда ахборот коммуникация технологиялари ҳамда бизнес йўналишларида 10 дан ортиқ ихтисослик бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
Шарда фанлар олимпиадасининг финал босқичида 240 нафар битирувчи-ёш қатнашиб, ўз билимларини синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, фанлар олимпиадасида ғолиб, деб топилган 15 нафар ўқувчи муддатидан аввал Ўзбекистон-Шарда университети талабаси бўлиш имкониятини қўлга киритди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА