Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шарбат маҳсулотлари: истеъмол ҳамда реализация қоидалари, гигиеник талаблар
15:27 / 2023-01-12

Маълумки, соф маҳсулотдан тайёрланган шарбатлар организмнинг яхши ишлаши учун зарур бўлган энергия, витамин ва минералларнинг манбайи ҳисобланади. Аммо шарбатларнинг инсон организмига акс таъсир кўрсатмаслиги учун ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг техник базаси тўғри йўлга қўйилган бўлиши лозим.

Мамлакатимизда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилишидан сақлаш мақсадида мева, сабзавотлар ва резавор мевалардан тайёрланган шарбат маҳсулотларининг хавфсизлигига бўлган талаблар қонуний белгилаб берилган. 

Бу борадаги саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев жавоб берди. 

– Вазирлар Маҳкамасининг “Мева ва сабзавотлардан олинган шарбат маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган. Техник регламент инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилишидан сақлаш мақсадида мева, сабзавотлар ва резавор мевалардан тайёрланган шарбат маҳсулотларининг хавфсизлигига бўлган талабларни белгилайди.

Шарбат маҳсулоти техник регламент талабларига жавоб берган тақдирда Ўзбекистон Республикаси бозорига муомалага киритилади. Шарбат маҳсулоти техник регламент талабларига мос келувчи ва мувофиқликни баҳолаш жараёнидан ўтганидан сўнг бозордаги маҳсулот муомаласининг ягона белгиси билан тамғаланади.

– Шарбат маҳсулоти бозорда муомалага киритилганда қандай ҳужжати бўлади ва бўлса ҳужжатда нималар акс этиши лозим?

–Шарбат маҳсулотининг ҳар бир туркуми муомалага киритилганида унга сифат тўғрисидаги ҳужжат илова қилинади. Жумладан, шарбат маҳсулотининг номи, ишлаб чиқарувчи ёки сотувчининг номи, уларнинг жойлашган жойи, шарбат маҳсулотига талабларни белгиловчи Техник регламентнинг белгиси, шарбат маҳсулотининг Техник регламент талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи синовларнинг норматив кўрсаткичлари ва ҳақиқий натижалари, шарбат маҳсулотларида компонентлар ва озиқ-овқат қўшимчаларининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар, ишлаб чиқариш санаси, шарбат маҳсулотларининг яроқлилик муддати ҳужжатда акс этиши керак.

Шунингдек, сақлаш шароитлари, Техник регламент талабларига жавоб бермайдиган ёки яроқлилик муддати тугаган шарбат маҳсулотларини утилизация қилиш ёки уларни йўқ қилиш шартлари, сертификатлаштириш тўғрисидаги маълумотлар, сифатни тасдиқловчи ҳужжатнинг берилган санаси ва рақами ҳамда сифатни тасдиқловчи ҳужжатни расмийлаштирган шахснинг имзоси ҳам инобатга олинади.

Шарбат маҳсулотининг идентификацияси манфаатдор шахслар томонидан истеъмол қадоқларига туширилган ёки муҳсулотларга илова қилинадиган ҳужжатларда кўрсатилган номларини ушбу Техник регламентнинг 2-параграфида назарда тутилган номлари, жумладан, шарбат, морс, нектар кабилар билан солиштириш орқали ҳеч қандай синовлар ўтказмаган ҳолда амалга оширилади. Шарбат маҳсулотининг ўз номига мувофиқлигини белгилаш мақсадида шарбат маҳсулотининг идентификацияси маҳсулотнинг физик-кимёвий, органолептик ва бошқа кўрсаткичларини биргаликда баҳолаш йўли билан амалга оширилади. 

–  Шарбат маҳсулотларининг хавфсизлиги учун қандай гигиеник талаблар қўйилади?

– Республикамиз ҳудудида муомалада бўлган шарбат маҳсулотлари инсон ҳаёти ва соғлигига зарар етказмаслиги ва ушбу Техник регламентнинг 2-иловасига мувофиқ консервация қилинган шарбат маҳсулотлари хавфсизлигининг кимёвий кўрсаткичлари талаблари (заҳарли элементларнинг чекланган миқдорлари) ва рН 3,8 ва ундан паст миқдорда углекислота қўшилган газланган ва консервация қилинган шарбат маҳсулотлари ҳамда консентрация қилинган морслар ва консентрация қилинган мева пюрелари хавфсизлигининг микробиологик кўрсаткичлари талабларига жавоб бериши лозим.

–Болалар озуқаси учун шарбат маҳсулотини ишлаб чиқаришда таркибига нималар қўшилиши мумкин эмас?

–Болалар озуқаси учун шарбат маҳсулотини ишлаб чиқаришда таркибида генетик жиҳатидан модификация қилинган организмлар (ГМО) бўлган мевалар ва сабзавотлар, консентрация қилинган диффузион шарбат, шунингдек, таркибида ГМО бўлган қўшимча компонентлар ва озуқавий қўшимчалар, ширин қилувчи моддалар (қандли диабет билан касалланган болалар учун мўлжалланган махсус шарбат маҳсулотлари бундан мустасно), хушбўй ҳид берувчилар (табиий хушбўй ҳид берувчилардан ташқари) ва бошқа компонентлар ва озуқавий қўшимчалар қўшишга йўл қўйилмайди.

–Шарбат маҳсулотларини ташишга қандай талаблар қўйилган? 

–Кичик ёшдаги болалар учун шарбат маҳсулотлари муомалага 0,35 литрдан кўп бўлмаган қадоқларда муомалага киритилиши лозим. Шарбат маҳсулотлари озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган танкерлар, резервуарлар, флексиён танкларда ташилиши керак. Шарбат маҳсулотларини тўлдирилган ҳолда ташишда фойдаланиладиган транспорт воситалари юк қисмларининг ички юзаларини ювишда ишлатиладиган сув, техник тартибга солиш доирасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мос бўлиши керак. Шарбат маҳсулотларини ташиш учун ишлатиладиган транспорт воситалари ва/ёки идишлар ёки махсус идишлар бундай маҳсулотларнинг зарур ҳароратини сақлаб туриш учун мос равишда жиҳозланган бўлиши, шарбат маҳсулотининг ҳар бир тўпи муомалага чиқарилганда Техник регламентнинг талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган юк ҳужжатлари илова қилиниши ва шарбат маҳсулотларини сақлаш ва сотишда уларга сақлаш шартлари ва сақлаш муддати тўғрисидаги маълумотлар илова қилиниши керак.

–  Шарбат маҳсулотларини утилизация қилиш жараёни қай тартибда амалга оширилади?

–Техник регламент талабларига жавоб бермайдиган шарбат маҳсулотлари техник тартибга солиш доирасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ ваколатли органларнинг қарори билан қайтарилиши ёки йўқ қилиниши керак ва шарбат маҳсулотларини қайта ишлаш таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат назорати органлари ва жамоатчилик вакиллари кирадиган комиссия иштирокида амалга оширилади. Шарбат маҳсулотларини йўқ қилиш усуллари ва шартлари унинг эгаси томонидан тегишли давлат органи билан келишилади.

–Техник регламент қоидаларига риоя қилиниши устидан давлат назорати ким томонидан амалга оширилади?

–Техник регламент талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек, ўз ваколатлари доирасида бошқа ваколатли давлат органлари томонидан таъминланади. Техник регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Гулноза Бобоева,

ЎзА