Сурия Президенти Аҳмад Аш-Шараъ ҳукумат қўшинларининг курдлар назоратидаги ҳудудларни қисқа фурсатда эгаллаши ортида мураккаб дипломатик келишувлар турганини маълум қилди.
Дамашқ, Париж ва Ироқда ёпиқ эшиклар ортида ўтган учрашувлар натижаси ўлароқ, АҚШ амалда бу ҳарбий юришга тўсқинлик қилмади. Натижада мамлакатдаги кучлар мувозанати тубдан ўзгарди.
Бир вақтлар Сурия демократик кучлари (СДК)нинг асосий иттифоқчиси бўлган Вашингтон, деярли, четга чиқди ва Шараъ ҳукуматини ягона легитим ҳамкор сифатида қабул қилишга мойиллик билдирди. АҚШ махсус вакили Том Баррак эса СДК тарихий вазифасини бажариб бўлганини очиқ айтди.
Бу жараён курдлар учун очиқ хиёнат сифатида баҳоланмоқда. Уларнинг фикрича, Қўшма Штатлар тинч аҳоли ҳимояси ҳақида гапирган бўлса-да, ростмана ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлаш сезилгани йўқ. Натижада Шараъ нафақат ҳудудларни қайтаряпти, балки Вашингтон билан муносабатда устунликка ҳам эришмоқда.
Сурия саҳнасида энди бир ҳақиқат ҳукм сурмоқда: фақат қурол билан эмас, дипломатик келишув орқали ҳам ғалаба қозониш мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА