Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шарқдаги энг бой кутубхонадан 16 ёшида фойдаланган табиб
08:23 / 2020-09-26

Ватанимиз тарихидаги 26 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

Кун тарихи
Ватанимиз тарихидаги 26 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

976 йил (бундан 1044 йил олдин) – Сомонийлар давлатининг амири Нуҳ ибн Мансур отасининг вафотидан сўнг 13 ёшида тахтга ўтирди (ҳукмронлик даври 976–997 йиллар). Унинг ёши ҳали кичик бўлгани туфайли онасининг топшириғи билан давлат ишларини Фоиқ ал-Хосса билан ҳожиб Тош олиб борган. У сиёсий ва ҳарбий соҳада ислоҳотлар ўтказган. Унинг давридаги сиёсий жараёнларда турк лашкарбошиларининг мавқеи кучайган.

Машҳур табиб Абу Али ибн Сино 16 ёшида Нуҳ ибн Мансурни даволаб, ўша даврда Шарқдаги энг бой кутубхона саналган Сомонийлар давлатининг кутубхонасида мутолаа қилиш имкониятига эга бўлган. Ибн Сино бир неча йил шу кутубхонада китоблар мутолаасига шўнғиб кетади. Бу кутубхонада қадимги юнон муаллифлари асарлари ҳам сақланган.

1884 йил (бундан 136 йил олдин) – Қўқонда Ўзбекистон тарихидаги пахта чигитидан мой олувчи гидравлик прессли биринчи завод қурилди.

1943 йил (бундан 77 йил олдин) – Иккинчи жаҳон урушининг 19 ёшли қатнашчиси Ўрозбой Жуманиёзов Киев вилоятининг Вишгород туманидаги Толокунская Рудня қишлоғи районида биринчилардан бўлиб Днепр дарёсини кечиб ўтиб, жангда жасорат кўрсатди. У ушбу жасорати учун шу йилнинг 17 октябрида Қаҳрамон унвонига сазовор бўлди. Бироқ Ўрозбой Жуманиёзов 1943 йил 12 декабрдаги жангда бедарак йўқолди.

1991 йил (бундан 29 йил олдин) – Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон миллий боғида Алишер Навоийнинг улуғвор ҳайкали қад ростлади.

1992 йил (бундан 28 йил олдин) – мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди. Жойлардан тушган минглаб таклифлар ўрганиб чиқилиб, ноябрь ойида иккинчи марта матбуотда берилди.

2017 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюнни қабул қилди. Учрашувда Жанубий Корея Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан бири экани алоҳида қайд этилди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади