ШАРҲ: Ўзбекистон ташаббусларини бутун дунё қўлламоқда
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга глобал миқёсда ўт очишни тўхтатишга даъватни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик мактуби йўллади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга глобал миқёсда ўт очишни тўхтатишга даъватни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик мактуби йўллади.
Маълумки, шу йил 23 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш дунё мамлакатларини унинг қуролли низоларни тўхтатиш ва коронавирусга қарши кураш йўлида бирлашиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлашга чақирди. “Низоларни бас қилиб, ҳаёт учун курашадиган вақт келди. Мен урушаётган томонларга мурожаат қиламан: ҳарбий ҳаракатларни тўхтатинг, ишончсизлик ва душманликдан воз кечинг, тўпларни жим туришга мажбур қилинг, артиллерия отишмаларини, авиазарбаларни тўхтатинг”.
Бундай даъватни тинчликни олий қадрият деб биладиган Ўзбекистон биринчиларидан бўлиб қизғин олқишлади. Зеро, қўшни Афғонистондаги 40 йилдан бери давом этиб келаётган уруш олови минтақамизга хавфсизлигига, унинг тараққиётига тушов бўлиб келаяпти. Боз устига, мамлакатимиз раҳбарияти ўз ташқи сиёсатини олиб борар экан, ҳар доим халқаро майдондаги зиддиятлар, қарама-қаршиликлар тинч, сиёсий ва дипломатик йўллар билан ечиш таклифини илгари суриб келади.
Халқаро ташкилот раҳбарининг чақириғи бежиз кетмади, албатта. Ҳатто диний адоватга, мазҳаблараро низога эга давлатлар янги вирус пандемияси шароитида қуролли низоларга чек қўйди. Яманда “қонунийликни қўллаб-қувватлаш” деб аталадиган араб коалициясининг икки ҳафта муддатга мамлакатда ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги қарори халқаро майдонда ва араб дунёсида қизғин олқишланди. Шу кунга қадар тинчлик нималигини билмай келаётган афғонлар қизиқ воқеаларнинг гувоҳига айланяпти. Толиблар Афғонистон армияси ортидан коронавирусга қарши курашга қаратилган чора-тадбирларда фаол иштирок этмоқда. “Толибон”га бўйсунувчи ҳудудларда жангарилар тинч аҳолига коронавирусга қарши қандай курашиш бўйича маслаҳатлар битилган варақалар, совун ва тиббиёт ниқоблари тарқатмоқда. Суриялик курдларнинг “Сурия демократик кучлари” коронавирус эпидемияси ортида ўт очишни тўхтатишга рози бўлди.
БМТ Бош котибининг тинчлик даъвати бутун кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари, минтақавий шериклар, фуқаролик жамияти ва дин раҳбарлари томонидан ижобий қабул қилинди. Антониу Гутерриш Президентимизга йўллаган мактубида можаролардан номутаносиб жабр кўрган ва пандемия олдида янада заиф бўлиб қолганлар тақдиридан хавотирда экани, тинч аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, болалар ва маргинал гуруҳларни ҳимоя қилиш учун барча масъул эканини таъкидлади. Бош котиб шу муносабат билан Ўзбекистоннинг минтақада жабр кўрган давлатларга, жумладан, Афғонистон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистон нафақат Афғонистон, балки коронавирус пандемиясидан жабр кўрган Хитой, Россия, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Венгрияга инсонпарварлик ёрдамларини жўнатди, бу билан дунё ва минтақа тақдирига бефарқ бўлмаган давлат эканини намоён этди. Буни ҳатто БМТ Бош котиби ҳам ўз мактубида эътироф этди.
Хабаримиз бор, пандемия тарқалишига қарши курашда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар инфекциянинг кескин тарқалиши ва кўнгилсиз ҳолатлар кўпайишининг олдини олишга хизмат қилмоқда. БМТ Бош котиби ўз мактубида Ўзбекистон Республикасида вируснинг тарқалишини жиловлаш, шунингдек, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий, жумладан, аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламлари учун оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилган қатъий чораларга юксак баҳо берди. Президент Шавкат Мирзиёев бу чораларни миллатни, унинг бугуни ва эртасини асраб қолиш даражасидаги курашга қиёслади. Хорижда турли сабабларга кўра қолиб кетган юртдошларимизни мамлакатга қайтариш борасида Ўзбекистон жиддий намуна кўрсатди. Болаларимизнинг карантин шароитида билимсиз қолиб кетмаслиги чораларини кўрди. Мамлакатимиз телеканаллари орқали фарзандларимизга масофавий таълим берилмоқда. БМТнинг фан, таълим, маданият муассасаси – ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг бу борадаги қадамини олқишлади ва бошқа мамлакатларни ўрнак олишга чақирди. Чунки ҳозирги чора-тадбирлар даврида ер юзидаги 513 миллиондан зиёд бола билим олиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасининг устувор тамойиллари БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг “Ўзбекистон ҳукумати томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган расмий ҳужжати сифатида тарқатилган эди. Ҳужжатда мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиши ва ижтимоий ривожланишининг асосий кўрсаткичлари, аҳоли фаровонлигини ошириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича олиб борилаётган туб ислоҳотлар акс эттирилган. Хусусан, унда қонун устуворлиги, коррупцияга қарши самарали курашиш, институционал салоҳиятни ошириш ва кучли демократик ¬институтларни шакллантириш давлат сиёсатининг 2020 йилдаги устувор йўналишлари бўлиб қолиши таъкидланган.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсий ислоҳотлар халқаро ҳамжамиятнинг доимий диққат-эътиборида. Айниқса, Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда қўшни давлатлар билан муносабатларда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Жумладан, 2017 йилда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни белгилаш, назорат-ўтиш пунктларини очиш, транспорт қатновини тиклаш ва кенгайтириш каби кўплаб нозик масалалар бўйича муҳим келишувларга эришилди ва бу жараён давом этмоқда. Ўзбекистон билан қўшни мамлакатлар ўртасида одамларнинг борди-келди қилишига йўл очилди, минтақалараро ва чегараолди ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси минтақа давлатлари ўртасида дўстлик ва ишончни мустаҳкамлади, ҳамкорликка янги суръат бағишламоқда. Бу ташаббусларни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш турли анжуман ва саммитларда бир неча бор эътироф этган.
Шубҳасиз, Ўзбекистонни кейинги йилларда дунёда энг кўп яхши тарафга ўзгарган мамлакат, деб топишаяпти. Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган. Аксарият таҳлилчилар яқин-яқингача Ўзбекистонни дунёнинг “энг ёпиқ“ давлатларидан бирига қиёслаб келган. Худди шу боис ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ бу каби янгиликлар халқаро миқёсда акс-садо берди. Президент Шавкат Мирзиёев ички ва ташқи сиёсати билан бор-йўғи уч йилнинг ўзида дунёни тан олдирди.
Янги Ўзбекистоннинг қандай қилиб мажбурий меҳнатга барҳам бергани, йилларки халқаро миқёсда жиддий танқид, хавотир ва ташвишга сабаб бўлиб келаётган “Жаслиқ“ қамоқхонасини ёпгани, айримлари билан ҳатто сув устидан уруш ёқасига бориб қолган минтақа давлатлари билан алоқаларини қисқа вақтнинг ичида буткул ўнглаб олганига кўпчилик ҳайрат билан боқди. Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, яхши қўшничиликка асосланган минтақавий ташқи сиёсати – Шавкат Мирзиёев Президентлигининг халқаро миқёсда эътироф этилган, хоссатан, диққат-эътиборга сазовор энг муҳим жиҳатларидан бири бўлади.
Юқорида баён этилган БМТ ҳужжатида Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва мамлакатдаги экологик вазиятни яхшилашга алоҳида эътибор бераётгани ҳам қайд этилганди. Нукус, Урганч ва Хива -шаҳарлари атрофида “яшил белбоғ” – ҳимоя дарахтзорлари барпо этиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, денгизнинг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо қилишни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар давом эттирилиши айтилган. Шу ўринда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил қилинган БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун инсон хавф¬сизлиги бўйича кўп томонлама шериклик ¬асосида траст фонди -фаолияти ва ҳукуматнинг ташкилот доирасидаги ишларни фаоллаштиришга йўналтирилган амалий қадамларига алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу қадамни ўзбек дипломатиясининг навбатдаги ютуғи деб баҳолаш мумкин. Чунки Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Тошкентда ўтказилган Афғонистонда тинчлик ўрнатишга оид халқаро анжумандан кейинги халқаро саҳнадаги мамлакатимизнинг энг катта ташаббусларидан бири қўллаб-қувватланди. Орол денгизининг суви қуриб бораётгани бугунги даврнинг экологик фожиаси бўлиб, Оролбўйи минтақаси аҳолисининг ҳаётига, турмуш тарзига салбий таъсир этмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Нью-Йоркда бўлиб ўтган тақдимотда Орол инқирози натижасида азият чеккан аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини таъминлашга асосланган фонд фаолияти ҳамкорлик асосида минтақа тараққиётига муносиб ҳисса қўшишини таъкидлаган эди. Бош котиб Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолиятини, саъй-ҳаракатларини моддий қўллаб-қувватлашга даъват қилди. Бу фонд фаолияти дунёнинг бошқа минтақаларидаги ана шундай экологик муаммоларни ҳал этишда тажриба бўлиши эҳтимоли юқори, албатта.
Кейинги йилларда Ўзбекистон 30 дан зиёд муҳим халқаро ташаббусни илгари сурди ва уларнинг кўпчилиги тўлиқ амалга оширилди. 2018 йил 15 мартда Остонада Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи Маслаҳат учрашуви ўтказилишини, БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” (2018 йил 22 июнь) ва БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” (2018 йил 12 декабрь) резолюцияларининг қабул қилиниши шулар жумласидандир.
Мурожаатномадаги устувор тамойилларнинг БМТ Бош Aссамблеяси 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида эълон қилиниши ва БМТ Бош котибининг Ўзбекистон Президентига йўллаган мактуби мамлакатимизда борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниши ва қўллаб-қувватланишига яққол далилдир.