Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ШАРҲ: Дунёда аҳвол қандай? Ўзбекистонда-чи?..
13:14 / 2020-04-09

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, дунё миқёсида 200 миллион нафаргача одамлар ишсиз қолиши, ишчилар даромадларидаги йўқотишлар эса 3,4 триллион АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда.


Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, дунё миқёсида 200 миллион нафаргача одамлар ишсиз қолиши, ишчилар даромадларидаги йўқотишлар эса 3,4 триллион АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда.

Аммо ҳозирнинг ўзида шу нарса маълумки, келтирилган рақамлар кўриладиган зарар кўламини тўлақонли ифода эта олмайди. “Жаҳон савдоси эса 13 фоиздан 32 фоизгача пасайиши кутилмоқда, чунки CОВИД-19 пандемияси дунёдаги нормал иқтисодий фаолият ва ҳаётни бузади“, дейилади Жаҳон савдо ташкилоти ҳисоботида. Жаҳон савдо ташкилотининг пасайиши бўйича прогнозларнинг кенг доираси мисли кўрилмаган эпидемиологик инқироз, шунингдек, унинг иқтисодий оқибатлари бўйича ноаниқлик билан изоҳланади. Ташкилот бош директори Роберто Азеведонинг айтишича, 2021 йилда иқтисодий тикланиш имкониятини баҳолаш ҳам қийин — барчаси пандемиянинг ривожланиш курси ва унинг давомийлигига, шунингдек, ҳокимиятнинг самарадорлигига боғлиқ.

COVID-19 пандемиясининг глобал таъсири дунёдаги фавқулодда тиббий-санитария доирасидан анча четга чиқиб кетди. Ҳозирда келажагимизнинг барча жабҳалари – иқтисодий, ижтимоий, тараққиёт соҳалари ва кўпгина бошқа йўналишлар жиддий хавф остига тушиб қолди.

Пандемия меҳнат бозорларининг заиф жойларини аёвсиз очиб берди. Ҳам йирик, ҳам кичик корхоналар фаолияти тўхтаб қолди, иш вақти қисқарди, ходимлар ишдан бўшатилмоқда. Савдо марказлари ва ресторанларнинг ёпилиши, авиарейсларнинг ва меҳмонхона буюртмаларнинг бекор қилиниши, корхона ва ташкилотларда масофадан туриб ишлаш режимига ўтилиши кўпчиликни касод жарлиги ёқасига келтириб қўйди. Қолаверса, шундоқ ҳам барқарор ишга эга бўлмаган одамлар, яъни сотувчилар, официантлар, ошхона ходимлари, юк ортувчилар, фаррошлар каби ходимлар биринчилардан бўлиб ишдан бўшашига тўғри келмоқда. Ҳар беш кишидан бир киши ишсизлик нафақасига эга бўлиш ҳуқуқида яшаётган дунёда миллионлаб кишилар учун ишдан бўшаш ҳалокатга тенг ҳолат. Ривожланаётган мамлакатларда ишбай ишчилар, мардикорлар ва норасмий савдогарлар ҳам шу аҳволдалар, зеро улар ҳам оилаларини боқиши керак. Натижада эса ҳамма жабр кўраяпти: бу нафақат вирус тарқалишини тезлаштиради, балки қашшоқлик ва тенгсизликни янада кучайтиради. Инсоният олдида миллионлаб иш жойлари ва корхоналарни сақлаб қолишнинг имкони бор, лекин бунинг учун ҳукуматлар корхоналарнинг тўхтовсиз ишлашини таъминлайдиган, ишдан бўшатишларни олдини оладиган ва заиф тоифадаги ходимларни ҳимоялай оладиган қатъий чораларни кўриши зарур бўлади. Шуни аниқ тушунишимиз керакки, улар бугун қабул қилаётган қарорлар узоқ муддатдаги жамият ва иқтисодиётнинг аҳволини белгилаб беради. Ҳозирги вақтда давом этаётган кескин пасайиш узоққа чўзиладиган рецессияга айланиб кетмаслиги учун рағбатлантирувчи бюджет-молия ва кредит-пул сиёсатини юритиш муҳим аҳамият касб этади.

Коронавирус пандемияси дунё мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги сиёсат ва чора-тадбирлар етарли эмаслигини яққол кўрсатди. Мавжуд хаторларга қарамай, кўрилаётган муҳим чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистонда ҳаёт барқарор суръатда давом этмоқда. Ҳудудларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, яхши ният ва эртанги кунга ишонч билан қишлоқ хўжалиги ишларини бошлаб юбордилар. Стратегик аҳамиятга эга бўлган саноат корхоналарида, муҳим қурилиш майдонларида иш кундалик режа асосида, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилмоқда. Бунинг исботи ўлароқ, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Бунинг учун барча фермер, кластер, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши керак. Акс ҳолда яқин келажакда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш қийин бўлиши турган гап. Шу боис охирги йилларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди, айрим қонунларга ўзгартишлар киритилди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари, маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқа билан шуғулланадиган алоҳида ўринбосар лавозими жорий этилди. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинди. Аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш бўйича 244 та “Томорқа хизмати” корхона фаолияти йўлга қўйилди. 

Томорқада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 350 миллиард сўм ажратилиб, Фермерлар кенгаши ҳузурида жамғарма фаолияти йўлга қўйилди. Бир сўз билан айтганда, аҳолига кўмаклашадиган, моддий ресурсларни етказиб берадиган ва молиялаштирадиган, олдин бўлмаган тизим яратилди. Видеоселекторда ушбу тизимдан самарали фойдаланиб, томорқаларда маҳсулдорликни ошириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди. Томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган омилкор инсонлар тажрибасини кенг жорий қилиш кераклиги айтилди. Мисол учун, Асака, Олтинкўл, Наманган, Уйчи, Ангор, Жарқўрғон, Китоб, Тойлоқ, Самарқанд, Янгийўл, Зангиота, Олтиариқ, Қува каби туманлардаги аксарият томорқаларда 2-3 марта ҳосил олиниб, битта оила 8-10 сотихли экин майдонидан ўртача 50-60 миллион сўм, баъзилар эса 100 миллион сўм даромад қиляпти. 

Президентимиз бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади. Хонадонларда ихчам иссиқхоналар қуриш ҳам муҳим. Бугунги кунда томорқаларда жами 4 минг гектар енгил конструкцияли иссиқхоналар мавжуд бўлиб, уларда йилига уч марта ҳосил олишни йўлга қўйиш мумкин. Шунинг учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ҳар бир сектор ҳудудида камида 100 тадан хонадонда 1-1,5 сотихли иссиқхоналар ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Томорқа ободлиги, албатта, сувга боғлиқ. Ўтган йили жойларда 233 та қудуқ қазилиб, 4,5 мингдан ортиқ хонадоннинг сув таъминоти яхшиланган эди. Ҳозирда эса республикамизнинг айрим туманларидаги аксарият қишлоқларида сув таъминоти оғир бўлиб қолмоқда. 

Шу боис Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ҳокимлар билан биргаликда сув таъминоти яхши бўлмаган маҳаллаларда артезиан қудуқлар қазиб, ҳосилдорликни ошириш вазифаси қўйилди. Қишлоқ хўжалигида вақтинча фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириб, кам таъминланган оилаларни банд қилиш бўйича тизим яхши самара бермоқда. Бундай кооперативлар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармасидан 50 миллиард сўм ажратилган. Йиғилишда бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиб, камбағалликни ва ишсизликни камайтириш бўйича топшириқлар берилди. Кооперативга аъзо бўлган ишсиз фуқароларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жамғармасидан маҳсулот етиштириш харажатлари учун 24 миллиард сўм субсидия ажратилади. Кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга мевали кўчатлар, сабзавот уруғлари ва бошқа моддий ресурслар етказиб берилади.Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши кераклиги айтилди. Бу бежиз эмас, албатта. 

Ҳозир содир бўлаётган воқеалар қандайдир ўйин ёки кино эмас. Жаҳонда вирус юқтирганлар сони бир ярим миллиондан ошди. Афсуски, бугун содир бўлаётган воқеалар ҳар биримиз ва бутун инсоният цивилизацияси учун реал таҳдиддир. Аммо эпидемия фонида саросимага тушмаслик жуда муҳим. Нима бўлганда ҳам, биз сценарийнинг турли ривожларига тайёр турмоғимиз керак. Нохуш сценарий янада қатъий чоралар кўрилишини тақозо этади, шу сабабли бу нарса содир бўлмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишларни қилишимиз керак: президент мурожаатига диққат қилиш, ўз интизомимизни намоён қилиб,энг асосийси — ўзимиз ва яқинларимиз учун қўшимча таҳдидлар яратмаслигимиз керак. Ҳар қандай эпидемия ҳаётий циклга эга: у туғилади, ўсади ва кетади. Биз барчамиз биргаликда бу муаммони енга оламиз ва вазиятдан ғолиб сифатида чиқамиз.

Ташпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати