Шарқ бозорлари анъанасини ўзида мужассамлаштирган фестиваль бошланди
Фестивалда нафақат Самарқанд балки мамлакатимизнинг бошқа турли вилоятларидан келган уста-ҳунармандлар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида иккинчи бор ўтказилаётган ва қадим Шарқ бозорлари анъаналарини ўзида мужассамлаштирган “SILK ROAD BAZAAR” («Ипак йўли бозори») миллий ҳунармандчилик ва савдо фестивали бошланди.
Фестивалда нафақат Самарқанд балки мамлакатимизнинг бошқа турли вилоятларидан келган уста-ҳунармандлар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Жумладан, сангтарошлик, каштадўзлик, заргарлик, кулолчилик, қўлда гилам тўқиш, миниатюра, ранг-тасвир, наққошлик ва буёқли нақшлар, кандакорлик, мисгарлик, зардўзлик буюмлари, ўйинчоқлар, ёғочдан тайёрланган халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари ҳамда Самарқанд нонлари намойиш этилаётир.
– Фестивалда маҳаллий халқимиз билан биргаликда шаҳар меҳмонлари ва хориждан ташриф буюрган сайёҳлар ҳам иштирок этмоқда, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов. – Тадбирда ҳунармандлар томонидан маҳорат дасрлари ҳам ўтказилмоқда.
Шунингдек, сайлда қандолат маҳсулотлари, полиз экинлари ярмаркаси ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан иккинчи бор ўтказилаётган фестивалга кўплаб хорижлик сайёҳлар ҳам таклиф этилган.
Тадбир доирасида савдо ярмаркалари қатори фольклор-этнографик жамоаларнинг, дорбозларнинг чиқишлари, саҳналаштирилган томошалар ва эстрада хонандаларининг концерт дастурлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда.