Муносабат
Жаҳолатга қарши маърифатни қурол қилган аждодларимизнинг давомчилари ҳисобланамиз. Қанчадан-қанча буюк боболаримиз оламни таназзулдан илм қутқаришини, юксак марраларга фақат ўрганиш ва интилиш билан етиш мумкинлигини асослаб кетишган. Энг муҳими, улар бу йўлда дунё аҳли учун шахсий намуна кўрсатган.
Дунё тараққиёти йилдан-йилга тезлашмоқда. Бу жадаллик ёшлар тақдири ва уларнинг билим олиши масаласини халқаро сиёсатнинг долзарб мавзулари қаторига киритди. Замоннинг ўзи илм-фан, инновация ва маданиятсиз тараққиёт ҳақида гапириш мумкин эмаслигини яққол кўрсатмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Тяньцзинь шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ва “ШҲТ плюс” саммитида ёшлар келажаги билан боғлиқ қатор илғор ташаббусларни илгари сурди.
Президентимиз таъкидлаганидек, ШҲТ мамлакатлари сунъий интеллект, катта маълумотлар базалари, робототехника, биомуҳандислик, муқобил энергетика каби соҳаларда улкан имкониятларга эга. Бу йўналишлар келажакда давлатлар тақдирини белгилайдиган асосий омиллардан бирига айланади.
– Президентимиз ўз нутқларида ёшлар келажагига дахлдор қатор ташаббусларни илгари сурди, – дейди Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов. – Ёшларимиз учун ШҲТ маконида очилаётган имкониятлар глобал майдонда ҳам ўз салоҳиятини намоён қилиш имконини беради. “ШҲТ университети” шериклик тармоғининг онлайн кампусини яратиш, инновацион йўналишлар бўйича ҳар йили талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида танлов ҳамда олимпиадалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз таклиф этган ШҲТ инновацион-технологик хаблар тармоғи эса айнан ёшларнинг илмий салоҳиятини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Бу хаблар янги ғоялар майдони, технологиялар трансфери маркази, инновация жараёнининг муҳим бўғинига айланиши мумкин.
Технология қанчалик муҳим бўлмасин, маънавиятсиз тараққиёт бўлмайди. Шу боис, Президентимиз ШҲТ оиласи халқларини яқинлаштириш мақсадида “Буюк ипак йўли маданий мулоқоти”ни таъсис этиш ташаббусини илгари сурди.
Бу халқларнинг қалбига йўл топиш, ёш авлодга “маданият орқали бирлашиш” ғоясини сингдириш демакдир. Чунки маданий мулоқот тарихий меросни англаш, бир-бирини ҳурмат қилиш ва тинч-тотув яшашнинг асосий омилидир.
Билдирилган бу ташаббуслар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга ҳамоҳанглиги билан ҳам аҳамиятли.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси