English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шамолдан энергия олиш – ҳам табиат, ҳам иқтисодиёт учун фойдали
11:11 / 2025-09-11

Шамол табиий равишда қайта-қайта ҳосил бўладиган ҳодиса. Нефть ёки газдан фарқли ўлароқ, тугаб қолмайди. Шамолдан электр олиш жараёнида зарарли чиқинди – углерод гази ёки тутун чиқмайди. Бу эса атмосферани асраб қолишга хизмат қилади.

Бугунги кунда ривожланган давлатларда шамолдан электр энергияси олиш кенг йўлга қўйилмоқда. Жаҳоннинг кўплаб давлатлари ушбу соҳага мунтазам сармоя киритиб, шамол электр станциялари барпо этмоқда.

“China Datang Corporation” Хитойнинг йирик энергетика компанияларидан бири бўлиб, асосан электр энергияси ишлаб чиқаради. Умумий ишлаб чиқариш қуввати 100 ГВтдан ошган ушбу компания бошқа давлатларда ҳам энергетика инфратузилмасини ривожлантиришда иштирок этади, экспорт ва технология ҳамкорлиги орқали “яшил энергия” лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

[gallery-25243]

Қайд этиш жоиз, “China Datang Corporation” Тошкент вилоятидаги 263 МВт қувватга эга “Datang Buka” фото-электр станцияси қурилиши лойиҳасига тўғридан-тўғри инвестиция киритган. Мазкур лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, аҳолига ҳар йили 540 миллион киловатт-соат яшил электр энергияси етказиб берилади.

Ҳар қандай соҳани ривожлантиришда энг муҳим омил малакали мутахассислардир. Замонавий технология, инновация ва имкониятдан тўғри фойдаланиш учун билимли, тажрибали кадрлар талаб этилади. Зеро, ҳар қандай соҳада қўлланадиган ускуна ёки тизимни инсон бошқаради.

“China Datang Corporation” ҳам хорижликлар учун тажриба алмашиш дастурини йўлга қўйган. Лойиҳа доирасида айни пайт Ўзбекистон, Индонезия, Камбоджа, Мьянма, Лаос каби давлатлардан келган соҳа ходимлари компаниянинг замонавий энергетика объектларида иш жараёни билан танишиб, янги технологияларни ўзлаштириш орқали малака оширмоқда.

Хорижлик мутахассислар ҳозиргача пойтахт Пекин ва Ички Мўғулистон минтақасида бўлиб, корхонанинг кўп йиллик тарихи, тармоқлар бўйича фаолияти, бизнес йўналишлари ва глобал энергетика лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар билан яқиндан танишди.

– Шамол энергетикасига дунё бўйлаб талаб борган сари ошмоқда, – дейди “Datang Buka” фото-электр станцияси мутахассиси Фарҳоджон Маъруфов. – Жуда кўп давлатлар ушбу соҳада улкан ютуқларга эриша бошлади. Жумладан, Ўзбекистон учун ҳам шамолдан энергия олиш истиқболли йўналиш ҳисобланади. Зеро, мамлакатимизнинг аксарият ҳудудларида шамол ресурси етарли. Таъкидлаш ўринлики, бундай электр қувватини ҳосил қилиш усули нафақат табиатга зиён етказмайди, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам юқори самара беради. Хитойга ташриф давомида дунёдаги энг йирик иссиқлик электр станцияси саналадиган Токото мажмуасидаги иш жараёни билан танишдик, шамол, қуёш, иссиқлик ва аккумуляция уйғунлашган янги энергетика моделини ўргандик.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Ички Мўғулистон, Чифенг