Ўзбекистон халқ артисти Матлуба Дадабоева табаррук ёшда ҳам шалоладек тиниқ овозга эга бўлган, самимий, меҳридарё санъаткор.
Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида халқимиз ардоғидаги санъаткор Матлуба Дадабоева таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тантанали мусиқий кеча бўлиб ўтди.
“Санъатим – ҳаётим” деб номланган мазкур мусиқа оқшомига санъат ихлосмандлари, турли вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий элчихоналар вакиллари, мақом санъати мухлислари, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек Миллий мусиқа санъати институти ректори Элдор Шерманов ва бошқалар Матлуба Дадабоеванинг миллий қўшиқчилик санъати, айниқса мақом ривожи йўлидаги бетакрор фаолияти хусусида сўзлади.

–Халқ орасида, айниқса мухлислар учун ўз ижодини сарҳисоб этиб, тақдим қилиш ҳар бир санъаткорнинг орзуси, – деди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков. – Президентимизнинг соҳага бўлган эътибори сабабли бугунги кунда табаррук ёшдаги кўплаб устоз санъаткорларнинг юбилей саналари тантанали тарзда ўтказилмоқда. Матлуба Дадабоева халқимизга садоқат билан хизмат қилаётган санъаткорлардан. Унинг қўшиқлари Тожикистонда ҳам севиб тингланади. Эллик йил саҳнада мақом санъатини куйлаш, шу билан бирга, табаррук 70 ёшда ҳам бетакрор овозни сақлаб қолиш – бу жуда катта гап. Шу жиҳатдан Матлуба Дадабоева ёшларга ибрат бўлаётган санъаткор. Айни пайтда Матлуба Дадабоева ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги ўзаро дўстлик, қардошлик алоқаларини тобора мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
– Шундай ажойиб мусиқий оқшомда иштирок этаётганимдан беҳад мамнунман, – деди Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода. – Дарҳақиқат, Матлуба Дадабоева ўз санъати билан икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга фаол ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг майин, ширадор, бетакрор овози мусиқа мухлислари қалбидан жой олган.
Кечада Матлуба Дадабоева ижросидаги қўшиқлар янгради. Шу билан бирга Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли, “Муножат” бадиий рақс жамоаси мусиқа оқшомига ўзгача шукуҳ бағишлади.
Мусиқа оқшоми жонли ижрода, жуда самимий ва файзли ўтди.
Назокат Усмонова, ЎзА