ШАХСИЙ ФИКР: Тошкентдаги Шароф Рашидов хиёбонини обод қилайлик!
Баҳор ўзгача фасл-да!
Баҳор ўзгача фасл-да! Нуқул, қандайдир янгилик кутасан. Сайр этгинг, чиройли манзаралардан баҳра олгинг келади.
Ишхонадан чиқиб, беихтиёр хиёбонга бурилдим. Баҳорнинг илиқ ҳавоси таъсир қилдими, кўнглим сокинлик истади.
Шароф Рашидов хиёбони!
Пойтахтимизнинг қоқ марказида жойлашган хиёбон атрофи давлат ва жамоат ташкилотлари идоралари кўп ва гавжум жойлардан бири. Хиёбон ёнидаги Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари болалар билан тўлиб-тошади.
Аммо хиёбонда ҳафтанинг қайси куни бўлишидан қатъи назар, жим-житлик ҳукмрон. Ҳувуллаган ўриндиқлар қуршовида қолган Шароф Рашидов бюсти ҳам бироз мунғайгандек. Шу кунларда ҳам хиёбонга гўё баҳор эмас, маҳзун куз фасли кириб келаётгандек туюлади.
Ўзимдан сўрайман: юртдошларимиз Тошкент шаҳрида Шароф Рашидов хиёбони ва бюсти борлиги, қаерда жойлашгани, бугунги кундаги аҳволи ҳақида маълумотга эгами?
Бу ҳақида жамоатчилик фикрига қулоқ тутамиз.
Нилуфар Мамадаминова, талаба:
– Пойтахтда яшаётганимга яқинда ўн йил бўлади. Дўст-дугоналарим билан истироҳат боғларига, хиёбонларга чиқиб турамиз. Шароф Рашидов, унинг ҳаёт йўли ҳақида озми-кўпми биламан. Аммо у кишининг номи билан юритиладиган хиёбон борлиги ҳақида билмас эканман...
Элёр Жўрабоев, тадбиркор:
–Ишдан бўш вақтларимда тез-тез оиламиз билан кўнгилочар боғларга, сайилгоҳларга чиқиб турамиз. Шароф Рашидов хиёбони... Эшитмаган эканман. Шароф Рашидов ҳақида ёшлар яхши билмас, аммо атоқли давлат арбоби ва таниқли адибнинг жасоратга тўла ибратли ҳаёти биз, катталарга яхши маълум. Ростдан ҳам ҳайронман, шундай атоқли адиб хотирасига бағишланган хиёбон борлигидан хабарим йўқ экан.
Хуршид Мусурмонқулов, ўқитувчи:
– Хиёбондан хабарим бор. Афсус, ҳозир анча қаровсиз ҳолга келиб қолган, айтиш мумкинки, унутилган. Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Хиёбонни қайта реставрация қилиш лозим, деб ўйлайман. Шароф Рашидов эзгу ишлари, савобли амаллари билан халқимизга кўп меҳнати сингган. Ўзининг ўткир ақл-заковати, билим ва тажрибаси, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги билан нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ-яқин ўлкаларда ҳам катта обрў-эътибор қозонган. Бюст озгина таъмирланиб, хиёбон ёшу кекса учун дам оладиган, маданий ҳордиқ чиқарадиган сўлим гўшага айлантирилса, буюк бобомиз руҳи янада шод бўлар эди.
Йирик давлат арбоби ва истеъдодли адиб бутун умр ўз халқига, барчага яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшаган. Шароф Рашидовнинг она тилига бўлган ҳурмати, ғоят мураккаб шароитда турли тазйиқларга қарамасдан, миллий маданиятимизни асраш, адабиётимизни ривожлантириш ишига қўшган ҳиссаси бизни шунга ундайди.
– Бу олийжаноб, донишманд ва бағрикенг инсон ҳаёти давомида турли синовларга дуч келган бўлса-да, ўз эътиқодидан, маслак-муддаосидан чекинмади, аксинча, ҳар қандай шароитда ҳам унга содиқ қолди, халқимиз қалбида чуқур из қолдирди, – дейди тарих ўқитувчиси Бўри Тошпўлатов. – Шундай экан, унинг номи ҳам ҳақли равишда Жорж Вашингтон, Уинстон Черчилль, Шарль де Голль, Мустафо Камол Отатурк каби сиёсий арбоблар билан бир қаторда туриши шубҳасиз. Юртимизда зўр ислоҳотлар бошланди, дунё нигоҳидамиз. Фикримча, Шароф Рашидов каби тарихда ўз ўрнига эга инсон хотирасига атаб ўрнатилган бюст эҳтимол катта ҳайкал билан алмаштирилар. Буюк адиб хотирасига барпо этилган хиёбонга хорижий сайёҳлар тугул ўзимизнинг юртдошларимиз ҳам келмаслиги, ҳатто билмаслиги кўнгилни хира қилади. Шаҳар марказидаги у киши номи билан юритиладиган кўча бўйидаги хиёбон атрофидан ўтган йўловчи адиб асарларидан келтирилган иқтибосларга кўзи тушса, халқни севиш, унга хизмат қилиш, она тилини ардоқлашни ўрганса, яхши эмасми? Адиб руҳи кезаётган хиёбоннинг ҳар бир бурчагини адиб ижодига мос ҳолда безатиб, ёшларни ўзига оҳанграбодек чорлайдиган маънавият марказига айлантирилса, бугунги ислоҳотларга монанд бўлмайдими?
Саволлар кўп. Мулоҳаза, таклифлар ҳам.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳайкали ўрнатилиб, уй-музейи ташкил этилишини халқимиз қанчалар катта қувончу фахр билан кутиб олганини яхши биламиз. Агар пойтахтимизда ҳам шундай эзгу ишлар амалга оширилса, халқимиз кўнглидаги айни иш бўлар эди. Буюк юртдошимиз ҳақидаги тарихий адолат акс этган гўзал масканга айланар эди.
Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Шароф Рашидов бир умр ўзи каби содда ва камтарин одамларга елкадош бўлиб, уларнинг дарду ташвишлари билан яшади. Уларга хизмат қилишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб билди“.