Андижонда “Беш ташаббус – спорт билан” шиори остида баскетбол бўйича вилоят мусобақаси ўтказилди.
Ёзги таътил даврида ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшлар ўртасида баскетболнинг оммавийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси, "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамияти, вилоят баскетбол федерацияси ҳамкорлигида спортнинг баскетбол тури бўйича 2007-2008 йилда туғилган ўқувчилар ўртасида "Беш ташаббус – спорт билан" шиори остида ўтказилган мусобақада вилоятдаги барча туман ва шаҳар жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

Қизиқарли ва муросасиз баҳслар остида ўтган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, Шаҳрихон тумани ёш баскетболчилари барча рақибларидан устун келиб, 1-ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Олтинкўл тумани, учинчи ўрин эса Пахтаобод тумани жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар вилоят "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамияти томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА