Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳрихонлик уруш фахрийсига эҳтиром
11:18 / 2021-05-06

Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани Оқолтин қишлоғида 1924 йилда таваллуд топган Абдуллажон Усмонов мактабнинг 7-синфини тамомлаб, жамоа хўжалигида меҳнат қилган. У 1942 йилда ҳарбий хизматга чақирилади. Кекса ота-онаси уни урушга “Ой бориб, омон қайтишини” тилаб, дуо қилади.

Урушнинг даҳшатли жангларда қатнашиб, 1948 йилга қадар ҳарбий хизматни ўтаб, она юртига соғ-омон қайтади. Дастлаб, Украина фронти йўналишидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган пиёда полк таркибида Киев шаҳри яқинида бўлган жангларда қатнашади. Украина, Молдова Республикалари шаҳар ва қишлоқларини фашист босқинчиларидан озод этишда қаҳрамонлик кўрсатади. Унинг мардлиги бир қатор орден ва медаллар билан тақдирланган.

Молдова қишлоқларидан биридаги қақшатқич жангда яраланади, маълум вақт госпиталда даволанади. Ғалабадан кейин ҳам 1948 йилгача ҳарбий хизматни давом эттиради.

Урушдан кейин Абдуллажон ота нафақага чиққунча жамоа хўжалигида пиллачилик агрономи бўлиб самарали меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи билан 5 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди.Айни кунда кексалик гаштини суриб, фарзанд ва набиралари, маҳалладошлари, эл-юрт ардоғида яшаб келмоқда.

Буюк ғалабанинг 76 йиллиги арафасида Абдуллажон ота хонадонига кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар ва ёшлар ташриф буюрди. Отахонни ана шу қутлуғ сана билан муборакбод этиб, совға-саломлар топширилди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМУРЗОҚОВ (сурат),

ЎзА