Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳрихондаги носоз йўлларга шағал ва асфальт ётқизилмоқда
18:50 / 2021-07-15

Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоятдаги 210 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадлари учун молиявий кўмак ажратилишини айтиб ўтган эди.

Шаҳрихон туманида ҳам 20 та маҳалла фуқаролар йиғини кўмак олувчи маҳаллалар рўйхатига киритилган бўлиб, айни кунда мазкур маҳаллаларда турли йўналишларда ишлар олиб борилмоқда. Аксарият маҳаллалардаги энг муҳим муаммолардан бири мавжуд йўлларнинг ўта носозлигидир.

Ана шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ҳашар уюштирилди. Хусусан, тумандаги Янги Найнаво, Қуриқсой, Қушқўноқ, Янги турмуш маҳаллаларининг носоз йўллари текисланиб, шағал ва асфальт ётқизилмоқда.

- Ҳашарда шу маҳаллаларга Андижон вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси тизимидаги корхоналарга қарашли жами 22 дона техника жалб қилинган ҳолда шағаллаш, асфальтлаш ишлари амалга оширилмоқда, - дейди Шаҳрихон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳаракат хавфсизлиги муҳандиси Баҳромжон Абдуллаев. - Жумладан, 18 та автосамосвал, 2 та автогрейдер, 2 та йўл текислаш техникаси ҳамда 51 нафар ишчи-ходим жалб этилди. Шағаллаш, асфальтлаш ишларининг сифатли бажарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

[gallery-3119]

Ҳашар доирасида Шаҳрихон тумани саноат ҳудудининг 690 метрли ички кўчаси, Янги Найнаво маҳалла фуқаролар йиғини ўрамидаги Янги чекларнинг 4 та кўчасида 370 метр, ушбу маҳалланинг 1- Янги Найнаво кўчасида 190 метр, Қуруқсой маҳалласи Хидирша кўчасида 260 метр, жами 1 минг 510 метр йўл сифатли шағалланди. Шунингдек, Янги турмуш маҳалласидаги Тўйчибой кўчасининг 800 метр қисмига асфальт ётқизилмоқда.

Амалга оширилаётган ишлардан маҳалла аҳли мамнун.

- Йўлларимиз ёзда чанг, қишда лойлигидан жуда қийналар эдик, - дейди Янги Найнаво маҳалласининг Янги чекларида яшовчи, меҳнат фахрийси Зайнобиддин Қодиров. – Айниқса, куз-қиш ойларида кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари мактабга бориб-келишга анча қийналар эди. Кўчамизни шағаллаб берилишини сўраб, юқори идораларга кўп мурожаат қилинган. Насиб экан, Юртбошимизнинг Андижонга ташрифи билан муаммо ечимини топди. Кўчаларимиз шағалланганидан беҳад мамнунмиз.

Туман маҳаллаларидаги ана шундай юриш қийин бўлган кўчаларни шағаллаш ишлари давом этмоқда.

Амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар энг аввало, чекка-чекка ҳудудларда яшаётган аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга, қолаверса, уларнинг ҳукуматимизга, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА