Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳрихон ва Риштон туманларига “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақомини бериш режалаштирилмоқда
14:04 / 2025-07-22

Пойтахтимизга Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Жаҳон ҳунармандлар Кенгаши (WCC AISBL) президенти Саад ал-Қаддуми раҳбарлигидаги халқаро делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Хусусан, АҚШ, Ҳиндистон, Кувайт, Россия ва Жанубий Африкадан делегация аъзолари Тошкентга етиб келди.  

Учрашувда ҳунармандчиликни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ҳунармандларнинг ташриф доирасида намойиш этиладиган асарлар ҳамда маҳорат дарсларига қизғин тайёргарлик кўраётганликлари қайд этилди.  

Шунингдек, ташриф доирасида Андижон вилояти Шаҳрихон тумани ва Фарғона вилояти Риштон туманларига “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақомини бериш масаласи ўрганилди.

Мулоқотдан сўнг делегация Фарғона вилоятига жўнаб кетди. Эндиликда, делегация аъзолари ҳунармандлар марказлари, уй-музейлар, маҳорат дарслари, тарихий ва маданий обидалар билан танишади.

Ушбу ташриф миллий ҳунармандчилигимизни халқаро миқёсда танитишда муҳим қадам бўлади.  

Гулноза Бобоева, ЎзА