Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳрисабз тоғлари чанғи туризми марказига айланмоқда
17:41 / 2026-02-09

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани тоғлари ўзининг бетакрор табиати, қишки манзаралари ва қулай иқлим шароити билан чанғи туризмини ривожлантириш учун истиқболли ҳудуд сифатида эътироф этилмоқда. Қор қопламининг барқарорлиги ва тоғ рельефининг мослиги бу ерда қишки спорт турларини ташкил этишга кенг имконият яратмоқда.

Айни кунларда ушбу ҳудудларга нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлар ва спорт ихлосмандларининг қизиқиши ортиб бормоқда. Хусусан, Франциядан ташриф буюрган бир гуруҳ профессионал чанғи усталари Шаҳрисабз туманининг Кўл қишлоғида машғулотлар ўтказиб, ҳудуднинг спорт-туризм салоҳиятини амалда баҳоламоқда. Бу эса Шаҳрисабз тоғларининг халқаро миқёсда ҳам чанғи туризми йўналишидаги имкониятлари юқори эканини кўрсатади.

Таъкидлаш лозимки, 2025 йил 26 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Шаҳрисабз туманида “Ғелон” йирик туристик мажмуасининг биринчи босқичи ишга туширилиши маълум қилинган эди. Мазкур лойиҳа қишки туризм инфратузилмасини ривожлантириш, сервис хизматларини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳудудга сайёҳлар оқимини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири