Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳрисабз, Сариосиё ва Зоминга авиақатновлар йўлга қўйилади
11:29 / 2022-10-29

Президентимизнинг жорий йил 26 октябрдаги “Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ижроси доирасида ички туризм ва минтақавий авиаташувларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолининг авиақатновларга бўлган талабини қондириш ҳамда фуқаро авиацияси соҳасида рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида Транспорт вазирлигига қуйидаги:  

– ҳудудларни бир-бири билан ўзаро боғлаш мақсадида 2023 йил март ойидан бошлаб Самарқанд – Нукус, Самарқанд – Мўйноқ, Самарқанд – Термиз, Бухоро – Термиз, Наманган – Термиз ва Наманган – Нукус каби янги йўналишларда мунтазам авиақатновларни бошлаш;

– Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларининг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида “Шаҳрисабз” ва “Сариосиё” аэропортларига авиақатновларни тиклаш, шунингдек, “Зомин” аэропортига авиақатновларни йўлга қўйиш;

– авиақатновлар жадвалини йўловчилар учун қулай бўлган темир йўл, автобус ва микроавтобус йўналишлари билан интеграциялаш орқали ягона логистика тизимини яратиш чораларни кўриш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг резидент авиакомпанияларига ички туризм йўналишларидаги авиақатновлар учун авиачипта нархининг 25 фоизи миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратиш муддати 2026 йил 1 январга қадар узайтирилади.

“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти дастлабки харажатларни молиялаштириш, айланма маблағларни тўлдириш ва асосий воситаларни харид қилиш учун “Uzbekistan Аirports” АЖга 2 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратади.  

Бунда таъминот сифатида кредит қийматининг 125 фоизи миқдорида “Uzbekistan Аirports” АЖнинг кўчмас мулки ҳамда харид қилинаётган ҳаво кемалари гаров сифатида тақдим этилади ҳамда асосий қарз, фоизлар, комиссия ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар авиакомпания ва “Uzbekistan Аirports” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат буюртмачиси ҳисобланган авиакорхоналарга харид қилиш тартиб-таомилларини электрон шаклда ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаш орқали ҳаво кемаларини харид қилиш ёки лизинг асосида олиш жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш учун – халқаро юридик компаниялар, ҳаво кемалари учувчиларини ўқитиш учун – ўқув-машқ марказлари, шунингдек, ҳаво кемалари сотувчи, лизинг асосида етказиб берувчи, техник хизмат кўрсатувчи, эҳтиёт қисмлари билан таъминловчи, ташувчи, таъмирловчи, техник ҳужжат ишлаб чиқувчи ҳамда халқаро аудит, консалтинг ва маслаҳатчи компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади.

Ҳужжат билан Ўзбекистоннинг резидент авиакомпаниялари 2028 йил 1 январига қадар (рўйхат асосида) олиб кириладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, техник ҳужжатлар ва дастурий таъминот учун божхона тўловлари (ҚҚС ва божхона йиғимидан ташқари) тўлашдан озод қилиш ҳам назарда тутилган.

А.Қаюмов, ЎзА