Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳодат Исахоновадан янги адабий туҳфа
11:01 / 2025-12-24

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида атоқли ижодкор Шаҳодат Исахонова қаламига мансуб “Чечаклар ифори...” номли янги шеърий тўплам ҳамда адабиётимиз фидойилари томонидан эътироф тариқасида битилган “Адабиёт тарозиси Ҳақ тарозиси кабидир...” деб номланган адабий мақолалар рисоласининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот тадбирига адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, сўз санъати ихлосмандлари таклиф этилди.  

Тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва бошқа устоз ижодкорлар Шаҳодат Исахонованинг бетакрор  ижоди, меҳнат фаолияти хусусида сўз юритди.  

Шаҳодат опа наср ва назмда, таржима ва драматургия, журналистика соҳасида самарали ва сермаҳсул ижод қилиб келаётган заҳматкаш ва тиниб-тинчимас қаламкашлардан саналади. Изтиробга йўғрилган ростгўйлик, самимият, миллий руҳ, юртпарварлик, жонфидолик  Шаҳодат Исахонова ижодида яққол кўзга ташланади. Тарихий мавзудаги  асарлар Шаҳодат опанинг ижодида салмоқли ўрин эгаллайди ва мухлислар томонидан алоҳида қизиқиш билан мутолаа этилади.    

Ижодкор  “Антиқа зиёфат”, “Турон маликаси”, “Қирқ кокилли келинчак”, “Султон Жалолиддин ёхуд Чингизхон тузоғига тушган малика”, “Бибихоним”, “Заветное желание”, “Лайлаклар”, “Нодираи даврон” каби кўплаб роман, қисса ва ҳикоялар муаллифидир.

Шаҳодат Исахонова қаламига мансуб “Ўлан”, “Султон Жалолиддин Мангуберди”, “Бибихоним”, “Тановар” каби бир қанча драмалар саҳналаштирилган.

–   Шаҳодат опа – сийрати илму ижод нури билан зийнатланган, инжақалб адиба, – деди таниқли шоира Зилола Хўжаниёзова. –Ижодкор ҳар лаҳза маърифат сари интилиб, дунё тилсимларини англамоқ умидида яшайди, изланади. Бундай инсонлар  руҳ озиғи бўлган китобларга ошно бўлади, ошно этади. Берилган синовли умрни фақат яхшиликка сарфлайди. Ўтмишга мурожаат этиб, ундан сабоқ олмоққа уринади. Томирларида оқаётган қон қай илдиздан куч олиши, ким бўлгани, қандай яшамоқ лозимлиги, аждодлар ўгити, ҳаётдан ўзга жило, янги маъно, тоза ҳақиқатларни топмоққа, тийнатида, тафаккурида уларни англамоққа интилади.  

Адабиёт аҳли Шаҳодат опа билан ҳар гал суҳбатлашганида айни хулосалар ўз  тасдиғини топаверади. Ҳар гал  ижодкорларимиз опа билан суҳбат давомида ўзлари учун гўзал маъволарни, янги маъноларни кашф этади. Опанинг  кўзларида, сўзларида, руҳиятидаги муҳташамлик ва самимият ўзига қаҳрабодай тортаверади.

“Чечаклар ифори...” номли янги шеърий тўплам ҳамда сўз санъати фидойилари томонидан эътироф тариқасида битилган “Адабиёт тарозиси Ҳақ  тарозиси кабидир...”  деб номланган  адабий мақолалар рисоласи Шаҳодат Исахонова ижодининг мухлислари учун ўзига хос туҳфа бўлгани аниқ.  

Н.Усмонова,  

ЎзА мухбири