Аёл бўлса-да ҳаётнинг аччиқ-чучугига бардош бериб, елкасида турмушнинг оғир юкини кўтараётган хотин-қизлар чинакам матонат соҳибасидир.
Шаҳноза Ҳайитова Фарғона туманидаги “Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилади. Оиладаги нотинчликлар, турмушнинг оғир ташвишлари уни йиллар давомида кўп қийноқларга солади. Турмуш ўртоғи 36 ёшида вафот этган. Устига-устак 3 ёшли ўғли ҳам ҳаётдан бевақт кўз юмади. Бу ҳам етмагандек икки қизалоғи билан аёл уйсиз қолади.
Ана шундай оғриқли кунларда оила ҳаётидан яхши хабардор бўлган маҳалла нуронийлари эзгу ташаббус билан Ўзбекистон фахрийлари фаолиятини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Фарғона вилояти бўлими раиси, сенатор Топволди Холдоровга мурожаат билан чиқишди. Уларнинг Шаҳноза Ҳайитовага янги уй қуриб бериш, яқиндан кўмак кўрсатиш таклифи вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди.
Вилоят ва туман мутасаддилари, давлат ташкилотлари ва ҳомийлар кўмаги билан Шаҳноза Ҳайитованинг турмуш ўртоғи номида бўлган 8 сотихли ҳовлида икки ой давомида шинам ва кўркам уй қад ростлади. Ошхона, меҳмонхона, ётоқхона каби оила учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Тандир ва ёзги ўчоқлар қуриб берилди. Уй эгаси иссиқхонада бодринг етиштиришни йўлга қўйди, қўй ва паррандалар парваришини бошлади.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров жамоатчилик вакиллари билан бирга ушбу хонадонда бўлиб, уй эгаларини Рамазон байрами билан муборакбод этди. Олиб борилган ишлар билан танишди.
– Ишсиз, кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам бериш бугунги кунда Президентимиз олиб бораётган ислоҳотларнинг, давлатимиз сиёсатининг асосий масаласидир. Бу ҳам инсонпарварликнинг бир намунаси. Эътиборлиси, хайрли ишга вилоятимиздаги нуронийлар бош-қош бўлди. Уларнинг фаоллиги билан шундай уй қурилди, оилага қулайликлар яратилди. Ҳаракатда – баракат деб шунга айтишади. Ҳамма шундай ташаббускор бўлиши керак,-деди вилоят раҳбари.
Шаҳнозага уйнинг ҳужжатлари, эсдалик совғалари топширилди. У кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан миннатдорлигини билдирди.
М.Сулаймонов, ЎзА