Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳару қишлоқларимизда ўқитувчига ҳайкал ўрнатилса...
14:53 / 2025-08-02

Муҳокама учун мавзу

Ҳар бир инсоннинг камолга етишида ота-онаси қаторида ўқитувчи, устознинг хизматлари беқиёс. Бекорга халқимиз “Устоз отангдан улуғ” демайди. (Бу мақол кейинги пайтларда икки хил қўлланмоқда: “Устоз отангдек улуғ” варианти ҳам бор. Лекин, менимча, улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов мақолнинг биринчи вариантини жуда тўғри изоҳлаб, баҳсга ўрин қолдирмаган).

Бизни 1-синфда Бозор Сафаров деган муаллим ўқитган. Суннат тўйимиздан кейин қарийб бир ой мактабга боролмаганман. Муаллимим ҳар ҳафтада икки-уч бор уйимизга келиб, менга ҳарфларни ўргатар, синфдошларимдан ортда қолиб кетмаслигим учун жон куйдирарди.

9-синфга ўтганимизда бизга она тили ва адабиёт фанларидан Дўстмурод Ҳайдаров деган ўқитувчи дарс бера бошлади. 9-синфга қадар мен барча фанларни бир хил  “аъло”га ўқир, математика фанидан мунтазам равишда туман миқёсидаги олимпиадаларда қатнашардим.

Янги адабиёт ўқитувчимиз бизни сеҳрлаб ташлади. Ўзбек адабиётининг таниқли намоёндалари ҳаёти ва ижоди ҳақида меҳр билан шундай ажойиб гаплар айтар, ижодидан намуналарни жўшиб ёддан ўқиб берарди. Синфдошларимиз орасидан кўпчилик шеър ёза бошлади. Адабиёт дарсларини интиқлик билан кутардик. 9-синфдан кейин мен ҳам бошқа фанлардан кўра она тили ва адабиётини кўпроқ ўқий бошладим. Шу соҳани танлашимда жойлари жаннатга бўлгур Дўстмурод ака Ҳайдаровнинг ҳиссаси жуда каттадир. Биз ҳатто дам олиш кунлари ҳам домланинг уйига борар, соатлаб адабиёт ҳақида гурунглар қилардик.

Энди ўйласам, бизга сабоқ берган барча ўқитувчилар ўз соҳасининг фидойилари, жонкуярлари, яхши мутахассислар бўлган экан. Мен уларнинг  айримларининг номларини тилга олгим келади. Тарих билимдони Аваз Бойқораев, химик Абдусаттор Файзиев, биолог Очил Шодиев, математиклар Тоғай Тошматов, Шодмон Чоршанбиев, Хушмамат Азимов, она тили муаллими Рустам Усанов, рус тилидан ўқитган Садин Сафаров, Нормамат Бузанов, Абдурашид  Баратов, немис тили ўқитувчимиз Мирзо Туйғунов ва бошқа номи ёдимга келиб-келмаётган кўп устозларни бугун фақат чуқур ҳурмат билан эслаймиз. Улар бизнинг қишлоғимизнинг жадидлари эди, десам ишонаверинг.

Бу фидойи, ўз фанининг билимдони бўлган устозлар биз, қишлоқ болалари онгига ўқишга, илм олишга интилиш туйғусини сингдирган. Бугун, ўзим ҳам устоз мақомига кўтарилганимда, англаганим шулки, уларнинг қилган энг катта иши бизни ишонтирган – яхши ўқисанглар келажакда катта одам бўласилар, эл-юртга фойдаларинг тегади, деган фикрни миямизга қўйган. Устоз, муаллим сифатида ўз зиммасига юкланган миссияни шараф билан бажарган. Шунинг учун ҳам улар, то тирик эканмиз, биз – ўқувчилари қалбида абадий яшайди. Биз улардан ўрганган эзгу фазилатларни ёшларга, ўзимиздан кейинги авлодга сингдирамиз ва эстафета шу тарзда давом этаверади. Ҳаётнинг абадий қонунияти маъноси ҳам шу!

Мен ўқиган Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика  институтининг ўзбек тили ва адабиёти бўлимида бизни ўзбек филологияси бўйича йирик олимлар  – Натан Маллаев, Мазлума Асқарова, Тўхтамурод Бобоев, Пирмат Шермуҳаммедов, Қудрат Аҳмедов, Раъно Абдулаҳатова, хориж адабиётидан дарс берган Ҳамиджон Ҳамидов   каби асл устозлар кутиб олишди. Мактаб ўқитувчилари онгимизга эккан илм ниҳолларини парваришлаб, биздан она тили ва адабиёти жонкуярлари, мутахассислар тайёрлашди.

Замонавий ўзбек адабиётидан дарс берган Муҳаббат Аҳмадбоева бир имтиҳонига йигитларни киритмади. Қаҳратон қиш эди. Биз эса ҳаммамиз ялангбош институтга келгандик.

–Ҳозир ёш-оловсизлар, билмайсизлар. Ҳамманг бош кийим кийиб келсанглар, кейин имтиҳонга кирасилар,– деди меҳр билан.

Ўқишни битираётган йилимиз академик Мазлума опа Асқарова қизларга шундай насиҳат қилганди: “Жон қизларим, мана шу атрофларингда юрган, бугун кўзларингга бўш-баёв бўлиб кўринаётган йигитларнинг этагидан маҳкам ушланглар. Улар ҳали ўзини тутиб олиб, бир ажойиб инсонлар бўлади. Сизларга ҳар куни гап отиб, тинчлик бермаётган ўт-олов йигитлардан эҳтиёт бўлинглар, улар мустақил ҳаётда сизларга кўп ташвишлар келтиради”.

Шу ўринда доцент Раъно Абдулаҳатованинг қатъияти туфайли талаба бўлганимни айтмасам бўлмас.

Бизнинг “К” группамиздаги ўттиз абитуриентдан биринчи имтиҳон – иншодан етти нафар йигит-қиз зўрға уч баҳо билан ўтдик. Иккинчи имтиҳон – она тили ва адабиётидан оғзакида жавобларимни диққат билан тинглаган аёл ўқитувчи(кейин билдим бу Раъно Абдулаҳатова экан) шериги, кексароқ адабиёт муаллимига юзланди.

Бугун эрталабдан буён имтиҳонга кирганлар ичида шу боланинг жавобидан кўнглим тўлди. Унга “тўрт” қўйсак, мандатдан ўтолмайди, иншодан “уч” олган экан, комиссияни чақирамиз, – деди қатъий.

Иссиқда лоҳас ўтирган кекса адабиёт ўқитувчисига бу гап унча ёқмади.

Комиссия ҳозиргина келиб-кетди, уларни яна ким чақириб келади, Раънохон,  “тўрт” қўяверайлик,–деди эринибгина.

Мен ўзим айтиб келаман,–дея аёл муаллим шартта ўрнидан турди.

“Аъло” баҳо қўйиш ваколатига эга комиссиянинг икки вакили – ўзбек адабиётшунослиги кафедраси мудири Тўхтамурод Бобоев ва ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири Ҳасанбой Жамолхонов  хонага кириб келишди(Уларнинг исм-фамилияларини кейин билдим).

–Сизга ҳар биримиз иккитадан савол берамиз, – деди Тўхтамурод  Бобоев.–Агар жавоб беролсангиз, бўлди баҳонгиз “беш”.

Ўзбек адабиётидан иккита ва она тилидан битта саволга тўлиқ жавоб бердим. Фақат тилдан берилган мажҳуллик феъл нисбатига доир саволнинг жавобида чалкашдим.

–Тўртта саволнинг учтасига жавоб бор, биттасига эса йўқ,– деди Тўхтамурод домла салмоқлаб.–Келинг, энди сизга яна бир имкон берайлик. Сиз адабиёт факультетига ўқишга кираяпсиз, ўғлим. Ёддан битта шеър ўқийсиз.

Менга жон кирди. Ўша пайтлари юзлаб шеърларни ёддан билардим. Шартта қаддимни ростлаб, деярли бўш аудаторияга юзланиб, шоир Шуҳратнинг “Номаълум солдат ҳайкали олдидаги ўйлар” сарлавҳали узундан узоқ  шеърини ифодали ўқий бошладим.Шеърнинг ҳар бандида такрорланадиган “Ким у? Ким у? Ким у?” нақоратини баланд овозда ўқийман.

Устимда ўша пайтлари урф бўлган оқ нейлон кўйлак, қора шим. Терлаб кетганман. Шеърни тугатиб, очиқ турган эшикка қарасам, қаторлашиб мени кузатиб турган абитуриентларга кўзим тушди.

–Баракалла, ўғлим, –деди Тўхтамурод  Бобоев ўрнидан туриб. –Мана энди “беш”ни ҳалолладингиз.

Ўқишга киргач билдимки, бу домлалар институтнинг жуда эътиборли олимлари экан. Айниқса, Раъно Абдулаҳатованинг қаттиққўллигидан яхши ўқимайдиган талабалар зирилларди. Хоразмлик она тилини ўзлаштиролмаётган бир курсдошимизнинг ота-онасини чақиртириб, ўғлингиздан она тили ўқитувчиси чиқмайди, деб очиқ айтиб, ўз хоҳишлари билан ҳужжатларини олиб кетишга мажбур қилганди.

Бу устозлар менинг  мақтовимга муҳтож эмас. Уларнинг ёруғ хотираси доимо хаёлимизда, қалбимизда. Улар бизга қандай яшаш ва ишлаш кераклигидан сабоқлар бериб кетди. Айтмоқчиманки, бундай фидойи устозларнинг ҳаёт йўли ёшлар учун бир ибратдир. 

Иш жараёнида ҳам қанча яхши одамларга, ўз касбининг усталарига, меҳнаткаш устозларга дуч келдик. Улардан оз-озгина ўрганиб, бугун ўзимиз ҳам биздан кейинги авлодга устоз мақомида турибмиз.

Мухтасар айтганда, бундай мисоллар, хотиралар  ҳар кимнинг ҳаётида учрайди. Ҳар бир киши ўзининг камолга етишига ҳисса қўшган  чин устозлар ҳақида жуда кўп ва хўб гапириши, ёзиши мумкин.

Мамлакатимизда кейинги йилларда Юртбошимизнинг ташаббуси билан ўқитувчилик касбининг нуфузини кўтариш, уларнинг моддий аҳволини яхшилаш, устозларга зарур меҳнат шароитларини яратиш борасида жуда кўп ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Аммо, менинг назаримда, бу ишлар ҳали кам. Ўқитувчилар бунданда юксак эътибор ва  ҳурматга арзийди. Уларнинг заҳматлари жуда катта олқиш ва таҳсинларга лойиқдир.

Таълимда сифат устувор бўлар экан, жамият юксалаверади. Ривожланган дунё тажрибаси шундай. Бунинг учун ўқитувчилар, энг аввало, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши керак.

Мен мамлакатимизда ўқитувчи касбининг обрўсини ошириш, нуфузини юксалтириш мақсадида шундай таклиф билдирмоқчиман: шаҳару қишлоқларимиздаги бош майдонларда ўқитувчига рамзий ҳайкаллар ўрнатилиши лозим.

Бу халқимизнинг устозларга меҳр-муҳаббати ифодаси сифатида жамиятимизда жуда катта ижобий акс-садо беради. Бу ҳайкаллар пойига 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни, Билимлар куни  ва бошқа байрамларимизда кенг жамоатчилик номидан гуллар қўямиз, ўқитувчилар шаънига илиқ сўзлар айтиб, уларни олқишлаймиз.

Виждонан айтганда, бу шогирдларнинг устозлар олдидаги бурчидир.

Абдужалол Тайпатов, ЎзА