Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Энергетика, Табиий ресурслар вазирликлари, Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти, лойиҳа институтлари ҳамда қайта тикланувчи энергия ва энергия тежамкор технологиялар соҳасидаги хусусий сектор вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
“Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда шаҳарсозлик стандартлари ва бош режалаштиришни такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлашда энергия самарадорлиги ва иқлим ўзгариши асосий эътибор марказида бўлди.
Қайд этилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури томонидан Глобал экологик фонд (ГEФ)нинг грант кўмагида амалга оширилаётган лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон қишлоқ аҳолисини ободонлаштирилган ва замонавий уй-жой билан таъминлаш орқали атроф-муҳитга зарар етказмайдиган арзон яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган. Лойиҳа Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган қишлоқ уй-жой секторида иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтирадиган янада барқарор ривожланиш йўлига ўтказишни ўз олдига мақсад қилган.
2022 йил 2 декабрда қабул қилинган «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида қурилиш соҳасида энергия тежамкор ва энергия самарадорлиги юқори бино ва иншоотларни қуришда, шунингдек, аҳоли пунктларида энергия самарадорлигини ошириш ва энергия тежаш нормаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кўрсаткичлари аниқ белгилаб берилган.
– Энергия самарадорлиги ва иқлим ўзгаришини ҳудудий режалаштиришга киритиш ҳамда қурилиш нормалари ва шаҳарсозлик қоидаларини такомиллаштириш Ўзбекистонда қурилиш секторини барқарор ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга, – деди “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” илмий бўлими бошлиғи Баҳодир Содиқов. – Ушбу давра суҳбати қимматли маълумотларни тўплаш ва янада барқарор ва яшил келажакни шакллантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради. Бу йил қишдаги аномал совуқ кунларда ҳамма биноларнинг энергия самарадорлиги ҳақида ўйлади ва биноларни изоляция қилиш ва умуман объектларда иссиқлик йўқотилишини камайтириш йўлларини излай бошлади. Энергия тежамкор материаллар замонавий қурилишнинг ажралмас қисми ҳисобланади, чунки улар бино ва иншоотларнинг энергия сарфини камайтиради. Бу эса ўз навбатида иситиш, кондиционерлик ва ёритиш харажатларининг камайишига олиб келади.
Тадбирда қурилиш нормалари ва шаҳарсозлик қоидаларини янада такомиллаштириш бўйича тавсия ва ғоялар ишлаб чиқилди.
М.Қосимова, ЎзА