Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳарларнинг бош режалари жамоатчилик муҳокамасидан мажбурий ўтказилади
13:50 / 2023-04-08

Бугунги кунда экологик муаммолар жиддий тус олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Турли экологик муаммоларни юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар долзарб аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Хайрулло Ғаффоров Табиат ресурслари вазирлиги Наманган вилояти бошқармаси масъуллари иштирокида «Конституция – келажагимиз кафолати» мавзусидаги тадбирда иштирок этди.  

Спикер ўринбосари Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида тўхталар экан, унда аҳолимизнинг барча қатламларининг манфаатлари акс эттирилгани, таклиф ва тавсиялари инобатга олинганини қайд этди.  

Шунингдек, Конституция лойиҳасида бугунги куннинг энг долзарб муаммолардан бири – экология масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилганига эътибор қаратди:

— Асосий қонунимизда давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга ошириши белгиланмоқда.  Шунингдек, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади, деган норма мустаҳкамланмоқда. Шаҳарларнинг бош режаларини жамоатчилик муҳокамасидан мажбурий ўтказилиши шартлиги ҳақидаги конституциявий қоида ҳозирги шароитда тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётган шаҳарсозликка оид масалаларни халқимиз билан бамаслаҳат ечиш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, янгиланаётган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди, — деди Х.Ғаффоров.  

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 49-моддасида Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш бўйича давлат томонидан чоралар кўрилиши мустаҳкамланаётганига эътибор қаратилди. Тадбирда сўз олган соҳа мутахассислари Конституцияда ушбу норманинг белгиланиши минтақа аҳолиси учун муносиб яшаш шароитларини яратишга хизмат қилишини таъкидлади.  

Иштирокчилар 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақирилди.

М.Комилова, ЎзА