French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳарларимизда хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар қониқарлими?
17:56 / 2024-02-09

Маълумки, ҳар бир мамлакат шаҳарларида инфратузилма ва коммуникация имкониятлари бошқа ҳудудларига қараганда юқорироқ бўлади. Бу эса хизмат кўрсатиш соҳасининг равнақида муҳим омил ҳисобланади.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Суҳроб Маҳмудовнинг таъкидлашича, туризм, ишлаб чиқариш, бандлик каби масалалар ҳам ана шундай қулайликлар билан боғлиқ бўлгани сабабли шаҳарлар кўрсатилган хизматлар ҳажмининг катта қисмини таъминлайди. 

– Масалан, Буюк Британия хизмат кўрсатиш сектори экспортининг деярли ярми Лондон ҳиссасига тўғри келиб, шаҳарнинг улуши 2016-2021 йиллар оралиғида 38 фоиздан 46 фоизгача ошган, – деди С. Маҳмудов.- Хўш, бу соҳа Ўзбекистонда қандай ривожланмоқда? Мамлакатимизда 2023 йилда кўрсатилган хизматлар ҳажми 470,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 113,7 фоизни кўрсатди. Бунда республика ва вилоят бўйсунувидаги 32 та шаҳар бўйича кўрсатилган хизматларнинг 62,1 фоизини таъминлаган. Бу шаҳарларда кўрсатилган хизматларнинг 66,1 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. 

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми Тошкент, Урганч ва Навоий шаҳарларида энг юқори қийматларни ташкил этган бўлса, Қувасой, Хива, Шаҳрисабз ва Каттақўрғон шаҳарлари бу рейтингда охирги ўринлардан жой олади. 

Таъкидлаш лозимки, Тошкентнинг хизматлар кўрсатиш соҳасидаги улуши йилдан йилга ортиб бормоқда. Мамлакатда кўрсатилган хизматлар ҳажмида Тошкент шаҳрининг улуши 2019 йилги 33,9 фоиздан 2023 йилда 41,1 фоизга етди. 

Сўнгги 5 йилликда Хива, Гулистон, Тошкент, Жиззах ва Навоий шаҳарлари хизматлар ҳажмининг ўсиши бўйича етакчи бўлди. Ўсишнинг энг паст кўрсаткичлари Оҳангарон, Янгийўл, Бекобод, Янгиер ва Каттақўрғон шаҳарларида кузатилди. 

Шаҳарларда кўрсатилган хизматлар ҳажми ошиб бораётган бўлсада, Тошкентда хизматларнинг концентрация даражаси ортиб бормоқда. Буни шаҳарларнинг соҳадаги улушининг қисқариб бораётганида кўришимиз мумкин. Хизматлар улушининг камайиши марказий шаҳарларда (Нукус шаҳри ва вилоятларнинг маъмурий марказлари) бошқаларига қараганда кўпроқ сезилган. Жумладан, сўнгги 5 йилликда мамлакат бўйича жами хизматлар ҳажмида марказий шаҳарларнинг улуши 3,1 фоиз бандга камайган бўлса, марказий бўлмаган шаҳарларда 0,2 фоиз бандга камайган. 

“Миллионлик шаҳарлар”га айлантириш мақсад қилинган Самарқанд ва Наманган шаҳарларининг мамлакатда кўрсатилган жами хизматлардаги улуши сўнгги 5 йилликда сезиларли ўзгармаган бўлсада, 2022 йилга нисбатан кичик камайиш кузатилган. 

Замонавий шаҳарларда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг устувор тармоғи ҳисобланади. Шундай экан, “Ўзбекистон-2030" стратегиясида мақсад қилинган урбанизация даражасини 51 фоиздан 60 фоизга оширишда шаҳарларда хизматлар соҳасини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, ўз навбатида, шаҳарларда замонавий бозор хизматлари, IT, таълим, тиббиёт, юридик, санъат, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш ҳамда транспорт хизматларини ривожлантиришни талаб этади. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА