Юртимизда қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар, шаҳарлар бош режасини ишлаб чиқиш, янги инновацион ечим ва технологиялар, хорижлик архитектор ва урбанистлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида самарали ишлар қилинмоқда.
Хусусан, «Обод қишлоқ» дастури доирасида 413 та аҳволи оғир маҳалланинг бош режа схемалари ишлаб чиқилиб, 2023-2027 йилларга мўлжалланган шаҳар, қишлоқ ва овулларнинг бош режасини тузиш бўйича вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланган рўйхат асосида дастур шакллантирилди.

2023 йилда ишлаб чиқилиши режалаштирилган 219 та шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиқиш учун 230 млдр. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Қолаверса, Россия («МосГипрогор» ДУК), Беларусь («БелНИИПГрадостроителства»), Туркия (“NKY ARCHITECTS & ENGINEERS”) давлатларининг малакали мутахассислари ва Жаҳон банкининг шаҳарсозлик масалалари бўйича экспертлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Бош схемани ишлаб чиқиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида Беларусь ва Нидерландия тажрибаси бевосита ўрганилди.

Кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмини фойдали майдонга айлантириш юзасидан ҳам тегишли норма ва қоидаларга ўзгартиришлар киритилди. Шу билан бирга, бош лойиҳа институтлари томонидан кўп қаватли уйларнинг (5, 7, 9, 16 қаватли) ярим ертўла қисмига яшаш хонадонларини жойлаштириш бўйича намунавий лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилди. Уйларнинг ертўла майдонлари ушбу намунавий лойиҳа ва нормалар асосида қурилмоқда.
Эътиборлиси, экспертиза органларига қоғоз ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш амалиётидан тўлиқ воз кечилди. Экспертизага лойиҳа-смета ҳужжатлари онлайн топширилмоқда.
Бугунга қадар жами 45 мингга яқин объект лойиҳаси ушбу тизим орқали экспертизадан ўтказилди. Натижада мазкур объектлар бўйича 11 трлн. сўмдан ошиқ маблағ тежаб қолинди.
Ҳозир объектларда назорат ўрнатиш бўйича «Қурилиш назорати» ахборот тизими жорий қилинди.
Унга кўра, объектларни рўйхатга олиш тизимида «рухсатнома бериш» тартибидан воз кечилиб, «хабарнома бериш» тамойилига ўтилди.
Яна бир маълумот, қурилиш объектларида аниқланган барча камчиликлар фотосуратлари билан биргаликда тизимга онлайн равишда киритилиши таъминланди ва назорат жараёнлари автоматлаштирилди. Жумладан, бугунги кунга қадар ушбу тизим орқали 26 мингдан ошиқ объект назоратга олинди.

Хусусан, Қурилиш назорати инспекцияси томонидан 56 минг марта мониторинг ўтказилган. Натижада, қоидабузарларга 55 мингта ёзма кўрсатма берилди ҳамда жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли 3 мингта ҳолат бўйича судларга ҳужжат киритилди. Ишларни самарали ташкил этиш мақсадида инспекторлар 266 та замонавий планшет қурилмалари билан таъминланган.
Бош режа бузилиш ҳолатлари юзасидан 16 та мансабдор шахслар бўйича Бош прокуратурага ахборотлар киритилган.
Бундан ташқари, лойиҳа ташкилотларининг лицензияларини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш бўйича жами 201 та тақдимномалар киритилган.
Бу ҳақда Қурилиш вазири ўринбосари ва мутасаддилари иштирокида АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида маълумот бериб ўтилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА