Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳарлар тарихи ва бадиий мерос
21:44 / 2025-09-05

Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита биносида Биродар шаҳарлар альянси ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси билан ҳамкорликда “Шаҳарлар тарихи ва бадиий мерос” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбир аввалида иштирокчилар Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитага туташ ҳудудда жойлашган миллий маданий марказлар павильонларига ташриф буюрдилар. 

Бу ерда меҳмонлар Ўзбекистонда фаолият юритаётган турли милий маданий марказларнинг фаолияти билан батафсил танишдилар. Ягона ва аҳил оиладек бўлиб яшаётган турли миллатларнинг маданияти, урф-одат ва анъаналари миллий либослари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Ушбу маданий таништирув турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган одилона сиёсатнинг амалий натижаси сифатида намоён бўлди. 

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев шаҳарлар наинки аҳоли истиқомат этадиган ҳудуд, балки тарихий анъаналар, маданиятлар, тараққиёт ва ижодни ўзида уйғунлаштирган бетакрор марказ эканини таъкидлади. 

[gallery-25184]

Бугун мамлакатимиз ва хориждаги бир қатор шаҳарларнинг ўзаро биродарлашувига эришиш ва шу орқали “халқ дипломатияси”ни янада мустаҳкамклаш, хориждаги ўзбек диаспораси билан ўзаро алоқаларни янада кучайтириш, ҳамюртларимизнинг Ватан тараққиёти йўлидаги эзгу орзу-мақсадларини бирлаштириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. 

- Бу каби давра суҳбатлари келгусида катта ташаббусларга сабаб бўлиши шубҳасиз, - деди Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев. – Бу борада қўмитамиз мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган турли дўстлик жамиятлари ва умуман, кенг жамоатчиликнинг фикр ва таклифларини ўрганишга, уларни ҳаётга жорий этишга тайёр. Бугунги глобаллашув даврини миграциясиз тасаввур этиб бўлмайди. Демакки, қўмитамизнинг фаолияти юртимиз сарҳадларидан ҳам ташқарида бисёр. 

– Биродар шаҳарлар, дўстлик жамиятларининг самарали фаолияти орқали турли кўргазмалар, маданий тадбирлар ташкил этиш мумкин, – деди “Ўзбекистон-Шимолий Македония” дўстлик жамияти раиси, Ўзбекистон Бадиий академия раиси Акмал Нуриддинов. – Масалан, мен ўз ижодий фаолиятим давомида Хитой ижодкорлари билан 20 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида ҳамкорлик қилиб келаман. Бу эса янги ғояларга, янги бадиий асарлар ва қизиқарли кўргазмаларга пойдевор бўлди. Яқин кунларда Озарбайжондан 30 нафарга яқин рассом мамлакатимизга келяпти. Уларнинг асарлари орқали чет эл рассоми нигоҳидаги Ўзбекистонни кўриш биз учун ғоят қизиқарли бўлиши билан бирга, тараққиётимиз қайси босқичда эканини англашга имкон беради. Яна бир мисол келтирмоқчи эдимки, ўтган йилларда Халқаро тасвирий санъат биенналесини ўтказганимизда олис Бразилиядан рассом 30 соатлик йўлни ортда қолдириб, кўргазмада иштирок этганди. У ижодкор сифатида халқимизни, Ўзбекистонни кашф этганди. Биродар шаҳарларни кўпайтириш ва ана шундай эзгу ташаббуслар доирасида кўргазмалар, маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш Ўзбекистоннинг хориждаги обрў-эътиборини тобора кучайтириш ва шу билан бирга, ўз-ўзимизга четдан назар ташлаш имконини беради. 

Давра суҳбати давомида миллий маданий марказлар томонидан тақдим этилаётган ижодий лойиҳаларнинг мазмуни ва қамровини янада кенгайтириш, биродар шаҳарлар ўртасидаги ижодий ҳамкорликни кучайтириш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди. 

Биродар шаҳарлар альянси ва Ўзбекистон Бадиий академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА мухбирлари