Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳар мусаффолиги учун янги техникалар
10:54 / 2025-11-04

Наманган вилоятида “Тозалик ва озодалик ойлиги” доирасида бир қатор аниқ вазифалар белгилаб олиниб, шу асосда амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ҳудудларда аҳоли яшайдиган, пиёдалар гавжум бўладиган аксарият кўчалар торлиги сабабли маҳаллалар ва кўп қаватли уйлар орасидаги йўлларга катта машиналар кириши муаммолар туғдиради. 

Республика Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан вилоятдаги санитар тозалаш корхоналарининг самарали фаолиятини таъминлаш ҳамда ҳар бир маҳалладан маиший чиқиндиларни ўз вақтида чиқариб кетишни йўлга қўйиш мақсадида лизинг асосида ўнта махсус чиқинди ташиш мотоцикли етказиб берилди. 

Шунингдек, вилоят марказида фаолият юритаётган “Мусаффо иқлим” масъулияти чекланган жамият томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташланишининг олдини олиш мақсадида ўз маблағлари ҳисобидан 40 дона махсус чиқинди қутиси харид қилинди ва аҳоли гавжум ҳудудларга ўрнатиш учун топширилди. 

Бундай эътиборга молик ишлар юртимизда тозаликни таъминлаш, аҳоли соғлом муҳитда яшаши, ҳудудларни яшил ва обод масканга айлантириш, доимо тоза ва қулай муҳит яратиш ҳамда экологик барқарорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА